Мирзиёев Бутунжаҳон триатлон иттифоқи раҳбари билан учрашди
Спорт
−
26 Май 2646 1 дақиқа
Бугун, 26 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги триатлон ва паратриатлон бўйича жаҳон кубоги доирасида мамлакатда бўлиб турган Бутунжаҳон триатлон иттифоқи раҳбари Антонио Фернандес Ариманини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу нуфузли глобал ташкилот билан мазкур спорт турини оммалаштириш ва Ўзбекистонда миллий триатлон мактабини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
“Мамлакатимизда триатлон жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Миллий федерация фаолият кўрсатмоқда, мунтазам равишда халқаро мусобақалар ўтказилмоқда, ўзбекистонлик спортчилар қитъа ва жаҳон рейтингларида ўз ўринларини мустаҳкамлаб бормоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва спорт менежерларини тайёрлаш, замонавий инфратузилмани яратиш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва эксперт кўмаги дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумот учун, “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказида нуфузли мусобақалар – World Triathlon Cup Samarkand-2025 ҳамда World Triathlon Para Cup Samarkand-2025 бўлиб ўтмоқда. Триатлон ва паратриатлон бўйича Жаҳон кубоги босқичи доирасида ўтаётган ушбу мусобақалар Ўзбекистонга 30 дан ортиқ мамлакатдан энг кучли спортчиларни жамлаган. 19 май куни бошланган мусобақалар 27 майга қадар давом этади.
Live
Барчаси