Мирзиёев Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди
Жамият
−
09 Сентябрь
5455Кеча, 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Остона арена"да бўлиб ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Татаристон Раиси Рустам Минниханов ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.
Мусобақада дунёнинг 90 га яқин давлатидан 2 мингдан ортиқ спортчи, жумладан, Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистонлик спортчилар кураш, алиш, арқон тортиш, камондан ўқ отиш, пойга, паҳлавонлар беллашуви каби йўналишларда куч синашади.
Иштирокчиларга кўчманчи халқларнинг бой маданияти ва тарихи, анъана ва урф-одатларига бағишланган театрлаштирилган томошаси намойиш этилди.
Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди. Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистоннинг Бош вазири Олжас Бектенов кузатиб қўйди.