Мирзиёев Бердимуҳамедов билан гаплашиб олди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 февраль куни Туркман халқининг миллий етакчиси ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди. 

Суҳбат аввалида етакчилар Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан бир-бирларини дилдан қутлаб, энг эзгу тилакларини билдирганлар. Халқ Маслаҳати Раиси Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг ҳам самимий табрикларини етказган. 

Суҳбатда ўтган йилларда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончдек эзгу анъаналарга таянган ҳолда жадал ривожланиб боргани ва бугунги кунда стратегик шерикликдек юксак даражага кўтарилгани алоҳида қайд этилган.

Ушбу қутлуғ кунда азалдан яқин қардошлик ришталаридан келиб чиқиб ва ўзаро ҳурмат белгиси сифатида мамлакатлар ўртасида дўстона ёрдам алмашилган – Туркманистондан Ўзбекистонга суюлтирилган газ партияси етказилди, ўз навбатида Ўзбекистондан қўшни мамлакатга замонавий тез ёрдам машиналари жўнатилди.

Бундан ташқари, куни кеча мамлакатлар пойтахтларида кенг жамоатчилик, миллий диаспоралар ва дипломатик корпус вакиллари иштирокида тантанали тадбир ва концертлар бўлиб ўтган.

Шунингдек, телефон мулоқотида товар айирбошлашнинг ўсаётгани ҳамда “Шовот-Тошовуз” чегараолди савдо зонасини барпо этиш бўйича биргаликдаги ишлар бошлангани мамнуният билан қайд этилган. Транспорт, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳасида, шу жумладан қўшма сув хўжалиги комиссияси доирасида самарали ҳамкорлик давом этмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида, шу жумладан ҳудудлар даражасида таълим ва маданий-гуманитар алмашинув дастурлари фаол рўёбга чиқарилмоқда.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва минтақавий аҳамиятга эга стратегик лойиҳаларни биргаликда илгари суриш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.

Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтгани айтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг