Мирзиёев AI-80 маркали бензиндан воз кечиш бўйича топшириқ берди
Жамият
−
29 Январь
17570Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилишда Бош вазир Абдулла Ариповга AI-80 маркали бензиндан воз кечиш бўйича топшириқ берди.
Қайд этилишича, 2025 йилдан ҳозирги кунда Ўзбекистонда энг арзон ва сифатсиз бензин бўлиб турган AI-80 маркали ёнилғидан фойдаланмаслик масаласи узил-кесил ҳал қилинади.
Бундан ташқари, пойтахтда оғир юк машиналари, 10 йилдан ошган автомобиллар ва “Евро-4”дан паст ёнилғидан фойдаланишнинг экологияга таъсирини камайтириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилади.
Пойтахт кўчаларига атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатилади.
Таҳлилларга кўра, тирбандликлар ҳам ҳавонинг тозалигига салбий таъсир кўрсатяпти.
Чунки, ҳаракатдаги автомобилга қараганда тирбандликда турганлари ҳавони кўпроқ ифлослантиради.
Шу сабабли, жамоат транспортини ривожлантириш борасидаги ишлар янада жадаллаштирилади.
Эндиликда автобуслар харид қилишда уларнинг йўловчи сиғимига кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги, шунингдек, метро вагонлари сонини ошириш бўйича амалий чораларни ҳам тезлаштириш лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, "Яшил энергетика”ни қўллаб-қувватлаш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ва зарарли оқибатларини камайтириш мақсадида аҳолини электромобилларга ўтишини рағбатлантириш тизими жорий қилинади.