Мирзиёев 30 йил Арманистон мустамлакасида бўлган Шушага борди
Жамият
−
23 Август 2023
8104Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Озарбайжонга бўлган давлат ташрифининг иккинчи кунида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва рафиқаси ҳамроҳлигида Шуша шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, олий мартабали меҳмонлар шаҳар билан танишувни 1883 йилда барпо этилган Соатли масжидидан бошлаган. Сўнг Озарбайжон умуммиллий етакчисининг юз йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилган “Ҳайдар Алиев ва Қорабоғ” фотокўргазмаси билан танишган.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Шушанинг бош майдонида бўлиб, бу ерда Озарбайжон маданиятининг атоқли арбоблари – Хуршидабону Нотавон, Булбул, Узейир Хожибейлиларнинг бюстларини кўздан кечирган.
Ўзбекистон томони катта қизиқиш билан шаҳар аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб келган “Хон қизи” булоғи, Озарбайжоннинг таниқли санъат арбоби Булбулнинг уй-музейи, “Меҳмондоровлар уйи” меъморий ёдгорлиги ҳамда ўтмишда отчопарлар ўртасида мусобақалар ўтказилган машҳур Жидир текислиги билан танишган.
Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи дастуридаги тадбирлар якунланиб, Тошкентга йўл олган.
Маълумот учун, Шуша “Қорабоғ дурдонаси”, “Кавказ санъати маркази” ва “озарбайжон мусиқаси бешиги” номлари билан маълум. Шаҳар бир қатор таниқли фан, маданият ва санъат арбобларининг ватани ҳисобланади.
Шаҳар 2021 йилдан буён Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти, 2023 йилда эса туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган. Жорий йилда Хива шаҳри ва Шуша шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь