Мирзиёев Тошкент вилоятига борди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 14 октябрь куни Тошкент вилоятининг ривожи, аҳоли ҳаёти ва янги лойиҳалар билан танишмоқда. Давлат раҳбари дастлаб Тошкент туманига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, илгари бу ернинг маркази бўлмаган. Келес йўли кўчаси бўйлаб янги бино ва мажмуалар қад кўтаргач, ҳудуднинг қиёфаси тамоман ўзгарган. Хусусан, ушбу бош кўча кенгайтирилган ҳолда қайта қурилган. Унинг икки тарафида Давлат хизматлари маркази, Ёшлар маркази, маданият саройи, амфитеатр, универсал спорт мажмуаси, хотира майдони ва сайилгоҳ каби кўркам иншоотлар барпо этилган. 

"Эски, пастқам уйлар ўрнида 41 та кўп қаватли турар жой қурилди. Энди улардаги 2 минг 536 та хонадонда 11 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу уйларнинг ертўла ва биринчи қаватида савдо, умумий овқатланиш, маиший ва молиявий хизматлар бўйича 270 та шохобча ташкил қилинмоқда. Уларда 1 минг 350 киши, жумладан, шу ерлик ёшлар ва аёллар ишли бўлади", дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, реновация лойиҳасида ижтимоий инфратузилмага катта эътибор қаратилган. Марказий шифохона, туманлараро перинатал марказ, болалар боғчаси, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, туман тарихи музейи ишга туширилган. 

Ҳудудда яқин-яқингача ичимлик суви муаммо эди. Осиё тараққиёти банки маблағлари ҳисобидан 4 та ҳавза қурилиб, 365 километр қувур тортилди. Натижада 36 та маҳалла аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. Охирги уч йилда туманда 218 километр ички йўллар таъмирланиб, асфальт ётқизилди. Бундай ишлар яна давом этмоқда.

Шу ерда Тошкент туманида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш масалалари юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди. Жорий йилнинг 6 ойида туман иқтисодиёти 23 фоиз ўсган. Янги қурилишлар ва улардаги корхоналар негизида солиқ манбаси кўпайган. Тошкент туманида 70 та маҳалла, 62 мингта оила бор. Аҳволи оғир бўлган 372 та оилага кўмаклашиш учун масъуллар ва чоралар белгиланган.

Режадаги лойиҳалар, бандлик ҳамда тадбиркорлик дастурлари доирасида йил якунига қадар 34 минг 443 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Президент хонадонлардаги имкониятларни юзага чиқариш, тадбиркорларнинг камбағал оила вакилларини ишга олишини рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди.

"Тошкент тумани пойтахтимизнинг ёнгинасида. Бу ерда уй-жой, ишлаб чиқариш, тижорат, хизмат бўйича жуда катта имкониятлар бор. Иш тўғри ташкил қилинса, ўзи бу туманда камбағалчилик бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун иқтисодий комплексга, маҳаллаларга бераётган имкониятлардан фойдаланиб, камбағалликдан фаровонлик сари юриш керак", деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент туманида йил якуни билан қарийб 53 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига саноатда ўсиш суръати 9 фоиз, хизмат кўрсатишда 13 фоиз бўлиши кутилмоқда. Экспорт ҳажмини 100 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг