Мирзиёев Ҳалима Ёқуб билан музокаралар ўтказди

Жамият

image

Бугун, 24 май куни “Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Ёқубнинг музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Сингапур Президенти Мирзиёевга Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва Сингапур делегациясига кўрсатилаётган илиқ қабул учун самимий миннатдорлик билдирди. Бўлажак Ўзбекистон Президент сайловида катта муваффақиятлар тилади.

Ушбу олий даражадаги ташриф икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йил ичида биринчиси экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида Сингапурга амалга оширган тарихий ташрифи якунида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича эришилган барча келишувлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Музокараларда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, жамоат хавфсизлики ва маданий-гуманитар алмашинув борасидаги мулоқотларни фаоллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда катта ютуқларга эришилаётгани алоҳида таъкидланди.

Жорий йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари бир неча баробар ошди. Сингапур Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари сафига кирди.  

Бугунги кунда Сингапурнинг етакчи компаниялари билан биргаликда кимё ва тўқимачилик саноати, транспорт ва логистика, шаҳарсозлик, таълим хизматлари, хусусийлаштириш соҳаларида 3,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши фаол паллага кирган.

Иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасидаги Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми натижалари савдо, логистика, инновациялар, энергетика, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда етукчи компанияларнинг инвестициявий шериклигини кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Сингапур бозорига етказиб берилишини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. 

Томонлар гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интилишини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси негизида ташкил этилган қўшма таълим маркази доирасида Сингапурнинг давлат бошқаруви ва бошқарув кадрларини тайёрлаш борасидаги тажрибасини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.

Сингапурнинг Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари фаолияти ҳамда икки мамлакат ўртасидаги мунтазам маданий, таълим ва туризм алмашинувларнинг фаоллашиши қўллаб-қувватланди.

Давлат раҳбарлари Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда минтақавий интеграциянинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, халқаро майдонда, энг аввало БМТ доирасида ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ўзаро англашув ва қўллаб-қувватлаш даражаси юқори эканини қайд этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Сингапур Ҳалима Ёқуб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг