Минск гуруҳи Қорабоғдан хорижий ёлланма аскарларни олиб чиқишни талаб қилди

Олам

image

Қорабоғ инқирозини ҳал қилиш бўйича Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳига ҳамраис бўлган Россия, Франция ва АҚШ делегациялари раҳбарлари барча хорижий ёлланма аскарларни Тоғли Қорабоғ ҳудудидан олиб чиқишни талаб қилдилар. Бу ҳақда ташкилот сайтида эълон қилинган баёнотда айтилган.

“Минск гуруҳи ҳамраислари барча хорижий ёлланма аскарларнинг минтақадан тўлиқ ва зудлик билан чиқиб кетишини талаб қилмоқдалар ва барча томонларни бунга кўмаклашишга чақиришмоқда” дейилади ҳужжатда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан ва АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Стивен Биган номидан ёзилган баёнотда ҳарбий асирларни алмаштириш ва қочқинларни қайтариш шароитида халқаро гуманитар қонунчиликка риоя қилиш зарурлиги ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, Тоғли Қорабоғдаги тарихий ва диний меросни ҳимоя қилишнинг муҳимлиги таъкидланган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва оммавий ахборот воситалари Тоғли Қорабоғдаги можарода чет эллик ёлланма аскарлар ҳаракат қилгани ҳақида бир неча бор хабар берди. Бу ҳақда Россяи Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ҳам гапирди. Суриядаги инсон ҳуқуқлари мониторинг марказининг маълумотларига кўра, Яқин Шарқдаги қуролли гуруҳларнинг аскарлари ҳам Озарбайжонга ёрдам берадиган Туркия, ҳам арман диаспораси томонидан ёлланган.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бу каби баёнотларни бир неча бор рад этган. Унга кўра, бирон бир айбловчи томон ҳеч қандай далил келтирмаган. Озарбайжон ёлланма аскарларга муҳтож эмас, чунки мамлакат армияси 100 мингдан ортиқ жангчилардан иборат, дея таъкидлган Алиев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг