Миноб мактабида қурбон бўлганларнинг дафн маросими ўтказилди (фоторепортаж)
Олам
−
03 Март 4390 2 дақиқа
Жорий йилнинг 28 февралида бошланган Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши ҳужумларида Миноб шаҳридаги қизлар бошланғич таълим мактаби ҳам нишонга олинган эди. Бугун, 3 март куни мазкур ҳодиса қурбонларининг оммавий дафн маросими ўтказилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Эрондаги давлат ахборот воситаларига кўра, ҳужум оқибатида 180 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг 150 нафари мактаб ўқувчилари бўлиб, уларнинг орасида ўқитувчилар ҳам бор. Қурбонларнинг баъзилари ҳали ҳам вайроналар остида қолмоқда.

Қайд этилишича, бу ҳодиса ҳозирга қадар давом этаётган ҳаво ҳужумлари орасидаги энг қаттиқ зарба сифатида қайд этилган.

Маълумотларга қараганда, 2026 йил бошида Уммон воситачилигида АҚШ ва Эрон ўртасида музокаралар олиб борилаётган бир пайтда, АҚШ Эрон яқинига ҳарбий кучларини жойлаштира бошлаган. 28 февраль куни эса Исроил ва АҚШ Эронни нишонга олган ҳужумларни бошлаган.

Маҳаллий манбаларга кўра, мактаб илгари ҳарбий объект бўлган ва кейинчалик қизлар бошланғич таълим мактабига айлантирилган. Зарба вақтида мактаб Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) денгиз базасидан тахминан 600 метр узоқликда жойлашган бўлган.

Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, мактабга ракета зарбаси 28 февраль куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 10:00 да, одатда болалар мактабга борадиган вақтда тушган. Ҳужум пайтида мактабдаги ўқувчиларнинг аксарияти 7-12 ёшдаги қизлар бўлган. Зарба оқибатида бино деворлари қулаб, кўпчиликни том босиб қолган.

Шундан сўнг, 1 март куни мактаб жойлашган ҳудуддаги клиникага ҳам қайта ҳужум қилинган.

UNESCO ва Нобель мукофоти совриндори таълим фаоли Малала ЮусафзаЙ воқеани қоралаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил 28 февралдан буён Эронда АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида 787 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.