Мини-футбол бўйича ДХХ раиси кубоги ўтказилади
Спорт
−
12 Июнь 2021
4198Ўзбекистонда мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги ўтказилмоқда. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, Ўзбекистон ҳудудларида мини-футбол бўйича ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари кубоги ўтказилди. Унда 18-30 ёш оралиғидаги ёшлардан иборат 7779 та жамоа иштирок этди.
Туман, шаҳар ҳамда вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг кучли 14 та жамоа 12-15 июнь кунлари Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ДХХ Раиси кубоги учун ўзаро куч синашади. Биринчи ўринни эгаллаган жамоага улар истиқомат қиладиган туманда мини-футбол майдони, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган жамоаларга эса улар яшайдиган туманларда “Workout” майдончалари қуриб берилади.
Шунингдек, “Энг яхши ўйинчи”, “Энг яхши тўп урар”, “Энг яхши дарвозабон” ва “Энг яхши мураббий” номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланади. Мусобақа “Соғлом ёшлар — янги Ўзбекистон келажаги” шиори остида ўтказилади.
Қайд этилишича, ДХХ Раиси кубогини ўтказишдан кўзланган мақсад ёшлар орасида спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдан иборатдир.
LiveБарчаси