Минглаб озарбайжонликлар қирғинига қарамай, тинчлик йўлини танладик – Расмий Баку
Олам
−
26 Декабрь 2022
4835Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон ТИВнинг Баку минтақада тинчлик ва барқарорликдан манфаатдор эмаслиги ва халқаро ҳуқуқни бузаётгани ҳақидаги баёнотларини рад этди.
ТИВ Арманистон томони Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ғарбий Озарбайжон ҳамжамияти вакиллари билан учрашуви чоғида айтган сўзлари моҳиятини бузиб кўрсатганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Арманистон Ташқи ишлар вазирлигининг Баку минтақадаги тинчлик ва барқарорликдан манфаатдор эмаслиги ва халқаро ҳуқуқни бузаётгани ҳақидаги баёнотлари иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас.
“Арманистон томонига эслатмоқчимизки, Арманистон томонидан Озарбайжон ерларининг 30 йил давомида босиб олиниши, юз минглаб озарбайжонликлар ўз уйларидан қувғин қилиниши, қирғинларга учраганига қарамай, Озарбайжон низони тинч йўл билан ҳал этиш жараёнига содиқ қолган. Озарбайжон 44 кунлик урушда ғалаба қозониб, 25 йил давомида босиб олинган ҳудудларни озод қилганига қарамай, айнан бизнинг мамлакатимиз Арманистон билан тинчлик шартномасини тузиш ташаббусини ўз қўлига олди”, дейилади ҳужжатда.
Баёнотда Арманистон томонининг Озарбайжон Прага ва Сочи келишувларини бузаётгани ва тинчлик жараёнига тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги даъвоси ҳам асоссиз эканлиги таъкидланади.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь