Мингга яқин тожикистонликлар Москва аэропортларида ушлаб турилибди
Олам
−
29 Апрель
9406Россия ҳукумати мингга яқин Тожикистон фуқаросини Москва аэропортларида ушлаб турибди. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
27 апрель охири ҳолатига кўра, Внуково аэропортидаги вақтинчалик сақлаш зонасида Тожикистоннинг 954 нафар фуқароси, жумладан, Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар ҳам қолган.
Вазирликнинг маълум қилишича, чегарада кўп соатлаб кутишдан сўнг 322 нафар Тожикистон фуқароси ниҳоят Россияга кирган.
Шу билан бирга, Россия расмийлари яна 306 кишини “қувиб чиқариш рўйхати”га қўшишни режалаштирмоқда.
“Чиқариб юборилганларнинг бевосита сони 27 кишини ташкил этди. Бундай чеклов чоралари фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилади”, дейилади мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Вақтинчалик сақлаш зонасида ўнлаб одамлар сақланаётган Жуковский, Домодедово ва Шереметево аэропортларида ҳам мураккаб вазият кузатилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон фуқаролари тегишли санитария шароитларида сақланаётгани ва иссиқ овқат билан таъминланмаганини алоҳида қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, 27 апрель оқшомида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни Россияга бормасликка чақирганди.
Бундан олдин вазирлик сўнгги бир неча ҳафта ичида Тожикистон фуқароларининг Россияга кириши оммавий равишда тақиқлангани ҳақида хабар берган эди.
Оммавий ахборот воситалари 22 апрелдан бери Оренбург вилоятидаги Қозоғистон-Россия чегарасида Тожикистон давлат рақамларига эга 180 га яқин автомобиль тўхтатилганини маълум қилганди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Тожикистон фуқароларининг Қозоғистон билан чегарасида бошланган текширувларини террорчилик таҳдиди сақланиб қолгани билан изоҳлаган. Шунингдек, у бу чоралар вақтинчалик эканини қўшимча қилган.
LiveБарчаси