“Минг аскарим бор эди”. Саддам Ҳусайннинг генерали тирикчилик учун машина ювмоқда
World
−
14:48 1127 6 minutes
Ироқнинг Керкук шаҳрида туғилган 60 ёшли Худур Аҳмад Рауф Вали ағдарилган Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн даврида 17 йил давомида генерал бўлиб хизмат қилган, уйига қилинган ҳужумда хотинидан айрилган ва ИШИД жангарилари томонидан ўғирлаб кетилиб, қийноққа солинган. Бешта тилда гаплашадиган, 2013 йилда Туркиядан бошпана топган собиқ учувчи-генерал бугунги кунда Истанбулда машина ювиш ва уларга сайқал бериш (полировка) ишлари билан тирикчилик қилмоқда. Бу ҳақда у IHA’га берган интервьюсида гапирди.
Керкукда туғилган 60 ёшли Худур Аҳмад Рауф Вали ағдарилган Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн даврида 17 йил давомида генерал бўлиб хизмат қилган ва урушдан кейин Туркиядан бошпана топган. 5 тилни биладиган ва ўтмишда учувчи-генерал бўлиб хизмат қилган Вали Истанбулдаги автоювиш шохобчасида ишлаб кун кўрмоқда.

Ироқда Саддам Ҳусайн даврида саккиз юлдузли учувчи-генерал сифатида хизмат қилган 60 ёшли Худур Аҳмад Рауф Вали 2003 йилда АҚШ ва Буюк Британия бошчилигидаги коалиция кучларининг Бағдодга бостириб кириши ва Саддам Ҳусайн режимининг ағдарилганидан сўнг ўз ҳаётидан хавотир олиб, яширинишни бошлаган. 1 йил давомида яшириниб юрган Валини америкалик аскарлар беркинган жойдан топиб олган. Америкаликлар билан ишлашга мажбур бўлганини билдирган Валининг уйи бир мунча вақт ўтгач ИШИД террорчилик ташкилоти томонидан бомбаланган. Ушбу ҳужумда хотинидан айрилган Вали кейинчалик террорчилик ташкилоти томонидан ўғирлаб кетилган, қийноққа солинган ва бармоқлари кесиб ташланган. Ироқда борган ҳар бир жойида унинг ортидан пойлаб юришган ва ҳужумларга учраган. Собиқ генерал 2013 йилда Туркияга кўчиб борган. 5 тилни биладиган Вали илк йилларда Сивасга бориб, ўзи яшаган туманда таржимонлик билан шуғулланган. Кейинчалик уйланган, Истанбулга кўчиб ўтган ва автоювиш соҳасида ишлай бошлаган. Генералликдан автоювувчиликкача бўлган ғайриоддий ҳаёт йўлини ҳикоя қилиб берган Вали шундай дейди:
“Ҳозир бу ишни қилиш менга умуман оғир эмас. Тақдиримизни Аллоҳ билади. Аллоҳдан розиман. Доимо шукр қиламан”.
8 йил давом этган Эрон уруши ҳақида
Ироқда генерал бўлган даврида содир бўлган воқеалар ҳақида гапирар экан, Худур Аҳмад Рауф Вали шундай дейди:
“Мен Керкукданман. Туркияга Ироқдан 2013 йилда кирдим. Бу ерда бир ой қолдим. Кейин мени Сивасга юборишди. Сивасда 2 ярим йил қолдим. 2017 йилда яна Истанбулга қайтдим ва уйландим. Уйланганимиздан кейин, Аллоҳга шукур, фуқаро бўлдик. Исмим Худур эди, Фотиҳ бўлди. Ироқда дастлаб Саддамнинг укаси Ватбан Иброҳим ал-Ҳасан билан ишлар эдим. Кейин ҳарбий хизмат вақти келди. Мактабни тугатгач, генерал бўлдим. Генерал бўлганимдан кейин Эрон, Қувайт ва Америка билан урушлар бўлди. Лекин Эрон урушида бизга нисбатан ҳақиқатан ҳам адолатсизлик қилинди. Ироқ ва Эрон чегарасидаги бир кўлни Эрон: “Бу бизники”, деди. Саддам эса: “Йўқ, бу бизники”, деб жавоб қайтарди. Кейин улар бизни бомбалашди. Мактабларимизни бомбалашди. Кўп одамларимиз ҳалок бўлди. Шундан сўнг Саддам улар билан 8 йиллик урушга киришди. Саккиз йилдан кейин урушда ғалаба қозондик”.

Саддам Ҳусайнга амакисининг ўғли хиёнат қилди
Саддам Ҳусайннинг амакиваччаси унга хиёнат қилганини даъво қилган собиқ генерал Вали қуйидагиларни айтган:
“Урушдан кейин Саддам яшириниб юрди. АҚШ президенти Буш экранларга чиқиб: “Ким бизга Саддамнинг манзилини берса, унга 25 миллион доллар ва Америка фуқаролигини бераман”, деди. Амакисининг ўғли хиёнат қилиб, Саддамнинг қаердалигини айтиб қўйди. Улар Саддам Ҳусайнни чақиришди. У жавоб берди: “Мен Ироқ Президенти Саддам Ҳусайнман”, деди. Унга “Ташқарига чиқ”, дейишди. Саддам: “Мен бу ердан чиқмайман. Агар мени олиб чиқмасангиз, ташқарига чиқмайман ва ўз жонимга қасд ҳам қилмайман, чунки мен ислом динидаман”, деди. Ўша хоин яна хиёнат қилди. Чуқурликни кўрсатиб: “Бу ерда шамоллатиш тешиги бор”, деди. Кейин ўша шамоллатиш тешигидан газ юборишди. Саддам бўғилиб қолди. Уни шу тарзда ташқарига олиб чиқишди. Бу одам қўлга олинди”.
Уйига бомба ташлашди, хотинидан айрилди
Саддам Ҳусайн ағдарилгандан кейинги воқеаларни ҳикоя қилган Вали шундай дейди:
“Уйимга келишди. Мендан: “Биз биланмисан, ёки қамоқхонага борасанми?” деб сўрашди. Уларга: “Сизлар билан бўламан”, дедим. Қамоқхонага боришни истамадим. Ироқда уйимни ўққа тутишди. Ўша ерда хотиним ҳалок бўлди. 36 нафар қўриқчим бор эди. Улардан тўрт нафари ҳалок бўлди. Қўшни болалар ҳалок бўлди. Қаерга бормайлик, ўша ерда бомбалар портларди. Митти болалар ўларди. Шунинг учун 2013 йил 5 ноябрда Ироқни тарк этдим. Шундан кейин қаерга борсам, портлашлар содир бўларди. Одамлар нобуд бўларди. Террорчилик гуруҳлари менга: “Сен Саддам билан ишлагансан”, деб ҳужум уюштиришарди. ИШИД гуруҳлари мени ўғирлаб кетишди ва қийноққа солишди. Мен ўлимдан қўрқмадим. Менга оғир ботгани – қаерга бормайлик, менга ҳужумлар уюштирилиб, одамлар ўлаётгани эди”.

Минг нафар аскарга қўмондонлик қилган, ҳозир эса машина “полировка”си билан шуғулланмоқда
Ироқдан Туркияга келганидан кейин ҳаёти ўзгарган Худур Рауф Аҳмад Вали қуйидагиларни билдирган:
“Турк халқидан жуда миннатдорман. Мени ҳеч қачон бегона деб билишмади. Тахминан 2 ярим йил Сивасда қолдим. У ерда бир маҳалла оқсоқоли бор эди. У ҳам менга яхши ғамхўрлик қилди. Полиция ходимлари менга жуда яхши муносабатда бўлишди. Дарҳақиқат, ҳамма менга эшикларини очди. Мен таржимон бўлиб ишладим. Ўша уста пардачи эди. Ўшанда компьютер сотиб олиб, у билан дўстлашдим. Таржимонлик қилиб пул топдим. Бу ерда автомобиль ювиш устаси бўлдим. Шу билан бирга, паста полировкаси билан шуғулланаман. Керкукдан илк бор Отатурк аэропортига келиб қўнган эдим. Истанбулда ҳеч кимни танимасдим. Бу ерда тахминан 6 ой қолдим. Кейин мени Сивасга жўнатишди. Сивасда бир пардачи устанинг ёнида 2 йилга яқин ишладим. 2017 йилда уйланиб, Истанбулга келдим. Аллоҳга шукр, машина ювиш ва полировкадан пул топдим. Юз минг марта шукур. Илгари генерал, учувчи эдим. Ҳозир бу ишни қилиш менга мутлақо оғир эмас. Тақдиримизни Аллоҳ билади. Аллоҳдан розиман. Доимо шукр қиламан. Минг нафар аскар буйруғимни кутиб турарди, 36 та қўриқчим бор эди. Ҳозир эса нафас олаётганим учун шукр. Турк халқидан беҳад миннатдорман. Ҳамма менга эшикларини очди. Нафақат менга, балки ҳамма учун эшикларини очишди”.

Маълумот учун, Саддам Ҳусайн (1937–2006) – Ироқнинг бешинчи президенти бўлиб, 1979 йилдан 2003 йилгача мамлакатни қаттиққўллик билан бошқарган сиёсат ва давлат арбоби. “Баас” партиясининг етакчиси сифатида ҳокимиятга келган Саддам Ҳусайн Ироқ иқтисодиётини модернизация қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш билан бирга, мамлакатда қатъий авторитар режим ўрнатган ҳамда сиёсий мухолифат ва этник гуруҳларга нисбатан кескин репрессиялар ўтказган. Унинг бошқаруви даврида Ироқ икки йирик минтақавий можарога – Эрон-Ироқ урушига (1980–1988) ҳамда 1990 йилда Қувайтга бостириб кириш ортидан келиб чиққан Форс кўрфази урушига тортилган. 2003 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан оммавий қирғин қуроллари мавжудлиги иддаоси билан Ироққа бостириб кирилиши оқибатида унинг ҳокимияти ағдарилган. Кўп ўтмай қўлга олинган Саддам Ҳусайн Ироқ суди томонидан инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топилиб, 2006 йил 30 декабрда қатл этилган.
Live
All