Миллий гвардияда қанча пул талон-торож қилиб юборилгани айтилди
Интервью
−
27 Апрель 2022
218602021 йилда Миллий гвардия тизимида давлатга жами 1 млрд 245 млн 504 минг сўм зарар етказилган. Бу ҳақда кеча, 26 апрель куни бўлиб ўтган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори ўринбосари Сарвар Муҳиддинов маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси органлари томонидан Миллий гвардия тизимида қонунлар ижроси устидан мунтазам равишда назорат тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. 2021 йилнинг 12 ойи давомида Миллий гвардия тизимида 55 та текшириш ишлари ўтказилган. Текширувлар натижасида 60 та тақдимнома киритилган. 8 та қонунга зид равишда протест киритилган ва 7 та қарор чиқарилган. Шундан иккита жиноят иши қўзғатилиб, бир нафар шахсга огоҳлантириш берилган. 92 нафар шахсга интизомий, 10 нафар шахсга моддий жавобгарлик белгиланган. Давлатга етказилган жами 1 млрд 245 млн 504 минг сўм зарар ихтиёрий ундирилган. Шундан 3380 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган”, дейди Муҳиддинов.
Унинг сўзларига кўра, ўтган бир йил давомида Миллий гвардия тизимида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан текширув ўтказилган.
“Жумладан, Миллий гвардия тизимида 2021 йил 12 ой давомида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва молия хўжалик фаолиятида қонунийлик аҳволи юзасидан 20 та текширув ўтказилган ва 19 тақдимнома киритилиб, 2 та жиноий иш қўзғатилган. Шу билан бирга 32 нафар шахсга интизомий 10 нафар шахсга моддий жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, 443 млн давлатга етказилган пул ихтиёрий равишда ундирилган”, дейди у.
Қайд этилишича, ўтган йили Навоий вилоятида ҳам мансабдор шахс томонидан 120 млн сўм маблағ ноқонуний тарзда ўзлаштирилган.
“2021 йилда Навоий ҳарбий прокуратураси томонидан Миллий гвардия Навоий вилояти бошқармасида ўтказилган текшириш давомида бошқарма, молия хизмати бошлиғи капитан Қўзиев мансабдор шахс бўлган ҳолда, мансаб мавқени суиистеъмол қилиш йўли билан ўзига ишониб топширилган жами 120 млн сўм пул маблағларини ўзлаштириб, растрата қилиб, талон-торож қилгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 167 моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган”, дейди Сарвар Муҳиддинов.
Маълумотларга кўра, 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида Жиззах ҳарбий прокуратураси томонидан Миллий гвардия Жиззах молия хўжалиги фаолияти қонунийлиги юзасидан ўтказилган текширишда ўз мавқеини суиистеъмол қилган шахс аниқланган.
“Шунингдек, 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида Жиззах ҳарбий прокуратураси томонида Миллий гвардия Жиззах молия хўжалиги фаолияти қонунийлиги юзасидан ўтказилган текширишда Молия хизмати бошлиғи капитан Умирзоқов мавқени суиистеъмол қилиб, ҳарбий хизматчиларга ойлик пул таъминоти ва унга тенглаштирилган бошқа тўловларни амалга ошириш бўйича бузилган 2021 йил 30 июнь кунги 37, 40, 40 а сонли, 31 июль кунги 46-сонли тарқатув варақалари (ведмост)ларни сохта маълумот ва ёзувлар киритиш орқали ўзганинг кўп миқдордаги мулкини жами 113 млн сўмлик маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлик ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилган”, дейди у.
LiveБарчаси