Миллиардлар: коррупция сўнгги 2 йилда Ўзбекистонга қанча зарар келтирди?

Жамият

image

Сўнгги икки йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида Республика бўйича 371 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2.477 нафар шахс жиноий жавобгарликка  тортилган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилишини амалга ошириш учун белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилмаслик, пудратчиларни таниш-билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш ёхуд манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш каби коррупциявий ҳолатлар кўплаб кузатилмоқда.

Прокурорлар томонидан қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида жами 452 та объектда текширишлар ўтказилиб, уларнинг натижасига кўра қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига 46 та тақдимнома киритилган. 337 нафар шахс маъмурий ва 22 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, келгусида қонун бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида 126 нафар мансабдор шахс ёзма равишда огоҳлантирилган.

Давлат Раҳбарининг топшириғига асосан, 1379 та янги объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари қайта кўриб чиқилганда, дастлабки қийматга нисбатан 1,5 трлн сўм ёки 22 фоиз ҳаражатлар ортиқча ва асоссиз киритилганлиги аниқланиб, қисқартирилган.  

Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан бугунги кунда жами 82 та объектда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича текширишлар ўтказилиб, 66 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар мавжудлиги  аниқланган.

Шу билан бирга, 23 млрд сўмлик 21 та объектни қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилган тендер ва танловларда буюртмачи ва пудратчилар ўртасида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик  ҳолатларига йўл қўйилган.

Текширишларда аниқланган жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 111 та жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишлари қатъий назоратга олинди ва айни пайтга келиб 24 та жиноят иши суд муҳокамасига юборилиб, айбдорларга нисбатан жазо таъминланган.

Ушбу тоифадаги жиноят ишлари бўйича давлат ва жамият манфаатларига 260,7 млрд сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланиб, унинг  47,6  млрд сўми ундирилиши таъминланган.

Айни вақтда, етказилган зарарларни ихтиёрий тўламасдан келаётган, тергов ва суддан яшириниши эҳтимоли бўлган 36 нафар шахсларга  нисбатан  қамоққа  олиш  тарзидаги  эҳтиёт  чораси  қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг