Миллиардлар керак: Роғун лойиҳасидаги молиявий қийинчиликлар тан олинди

Олам

image

Роғун ГЭСи каби йирик лойиҳани халқаро банклар, хорижий давлатлар ва жамғармаларнинг молиявий қўллаб-қувватлашисиз амалга оширишнинг имкони йўқ. Бу ҳақда кеча, 22 июль куни Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, давлат бюджети қурилишнинг барча харажатларини қоплай олмайди. Шу сабабли ҳукумат грантлар, узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ва бошқа ташқи маблағларни жалб қилмоқда.

Илгари Тожикистон расмийлари Роғун ГЭС қурилишини тугаллаш учун 6,2 миллиард доллар талаб этилишини маълум қилган. Бироқ 2024 йилда “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги лойиҳани 2035 йилгача якунлаш учун қолган харажатларни 6,4 миллиард долларга баҳолаган.

Қаҳҳорзода станциянинг якуний қиймати ҳозирча аниқланмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, аниқ суммани фақат барча қурилиш ишлари якунлангач айтиш мумкин бўлади. У харажатларга инфляция, материаллар ва ускуналар нархининг ўзгариши, мураккаб геологик шароитлар, хавфсизлик бўйича қўшимча талаблар ва лойиҳани дастлабки баҳолашда тўлиқ назарда тутиш имконсиз бўлган бошқа ҳолатлар таъсир қилишини урғулаган.

Шу билан бирга, илгари эълон қилинган рақамлар Роғун ГЭСнинг қурилиш бошланганидан бери бўлган тўлиқ қийматини эмас, балки лойиҳани якунлаш учун ҳали керак бўладиган маблағлар тахминини англатади.

Вазир ҳукумат халқаро ҳамкорлар билан тахминан 1,5 миллиард долларлик молиялаштириш бўйича келишувлар тузганини қайд этган. Ушбу сумманинг 650 миллион доллари қайтариб берилмайдиган грантлар, қарийб 867 миллион доллари эса кредитлардир.

Қаҳҳорзода дастлаб Роғун ГЭС қурилиши учун давлат бюджетидан 4,5 миллиард сомони ажратиш назарда тутилганини билдирган. Шундан йилнинг биринчи ярмида қарийб 4 миллиард сомони ажратиб бўлинган. Бюджетнинг даромад қисми ошиғи билан бажарилгани эвазига лойиҳани молиялаштириш ҳажмини тахминан 7 миллиард сомонигача ошириш режалаштирилмоқда.

Ким қанча беради?

Файзиддин Қаҳҳорзоданинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳукумати халқаро ҳамкорлар билан Роғун ГЭСни молиялаштириш бўйича тахминан 1,5 миллиард долларлик битимлар тузган. Ушбу сумманинг 650 миллион доллари грантлар, яъни қайтарилмайдиган маблағлар бўлса, 867 миллион доллар атрофидаги қисми имтиёзли кредитлардир.

Вазир Жаҳон банки аллақачон 30 миллион доллар ўтказиб берганини маълум қилган. Бундан ташқари, иккита транш доирасида 136,4 миллион евро келиб тушган: биринчиси 48,7 миллион евро, иккинчиси 87,7 миллион еврони ташкил этди.

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки 120 миллион доллар, Қатар тараққиёт жамғармаси эса 25 миллион доллар ажратган. Ислом тараққиёт банки ўз шартномаси умумий суммасининг 5 фоизи миқдорида аванс ўтказиб берган.

Қатар ва Саудия тараққиёт жамғармалари Тожикистон томони тегишли қурилиш ишлари бажарилганини тасдиқловчи тўлов сертификатларини тақдим этганидан сўнг кўзда тутилган маблағларни ўтказишга тайёр. Вазир ушбу жамғармалардан келиб тушиши керак бўлган аниқ суммани очиқламаган.

Италиянинг “Cassa Depositi e Prestiti” компанияси билан 150 миллион евролик алоҳида битим имзоланган. Маблағлар 3А лоти бўйича ишларни бажаришга мўлжалланган. Компания миссияси лойиҳа билан жойида танишиш учун эртага, 24 июль куни Тожикистонга келиши керак.

Бир вақтнинг ўзида ҳукумат Европа инвестиция банки билан 3А лотини молиялаштириш учун 500 миллион евро жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Қаҳҳорзоданинг сўзларига кўра, музокаралар якуний босқичда, ҳозирда банк раҳбариятининг қарори кутилмоқда.

Осиё тараққиёт банки билан яна 500 миллион доллар атрофида маблағ жалб қилиш муҳокама қилинмоқда. 250–300 миллион доллар ўта имтиёзли шартлардаги кредит кўринишида, қолган қисми эса грант шаклида берилиши назарда тутилган. Ҳукумат йил охиригача зарур процедураларни якунламоқчи.

Европа Иттифоқи ҳам 50 миллион евро миқдорида грант ажратиш ниятида. Шундан 40 миллион еврога яқинини Европа инвестиция банки кредити бўйича фоиз ставкасини пасайтиришга, 10 миллион еврони эса Роғун сув омбори остида қоладиган қишлоқлар аҳолисини кўчириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга йўналтириш режалаштирилмоқда.

Фактик жиҳатдан келиб тушган маблағлар ҳақидаги аниқроқ маълумотлар, вазирнинг сўзларига кўра, тўлов ҳужжатлари тақдим этилгач, тўққиз ой якунлари бўйича маълум бўлади.

Ускуналарнинг катта қисми учун тўлов қилинган

Қаҳҳорзоданинг сўзларига кўра, ҳозиргача Роғун ГЭС учун асосий ускуналарни тайёрлаш қийматининг қарийб 70 фоизи тўлаб берилган. У гап, энг аввало, турбиналар ва гидроагрегатлар ҳақида кетаётганини аниқлаштирган.

Молия вазирлиги раҳбари маблағларнинг қолган қисми ускуналар тайёрланиши ва келишувларда назарда тутилган шартлар бажарилишига қараб ўтказиб борилишини қайд этган. У халқаро молия ташкилотлари маблағларни траншлар билан ажратишини ва молиялаштиришнинг навбатдаги қисмини олиш учун Тожикистон қурилишнинг муайян босқичини якунлаши, ҳисобот тақдим этиши ва ҳамкор талаблари бажарилганини тасдиқлаши кераклигини тушунтирган.

Вазир айрим тўловлар тўғоннинг лойиҳавий баландлигига эришилиши, ускуналарнинг тайёрланиши ва шартномаларда назарда тутилган бошқа ишларнинг якунланишига боғлиқ эканини таъкидлаган.

Қаҳҳорзода Роғун ГЭС қурилишини молиялаштириш учун Тожикистон евробондлар (еврооблигациялар) чиқарганини эслатиб ўтган. Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозиргача мамлакат евробондлар бўйича 200 миллион долларлик мажбуриятларини узган.

Молия вазирлиги раҳбари 100 миллион доллар миқдоридаги навбатдаги тўлов 2026 йил 20 сентябрда амалга оширилиши кераклигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун зарур маблағлар аллақачон тайёрлаб қўйилган.

“Сентябрь ойида 100 миллион доллар тўлашда бизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Тайёргарлик ишлари аллақачон ўтказилган”, дейди Қаҳҳорзода.

У евробондлар бўйича яна 100 миллион долларни 2027 йилнинг апрель ойида тўлаш режалаштирилганини қўшимча қилган.

Лойиҳа қиймати ошиши мумкин

Қаҳҳорзода Роғун ГЭС мураккаб географик ва муҳандислик шароитда қурилаётганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, асосий тўғон хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча ишлар талаб этилиши мумкин. Вазир халқаро экспертлар қўшимча ҳимоя тўғони қуриш имкониятини кўриб чиқишаётганини маълум қилган.

Қаҳҳорзоданинг айтишича, тўғон сел оқимлари, дарё ўзанига эҳтимолий таъсир ва қурилиш туннеллари чиқиш жойларидаги сув ҳаракати билан боғлиқ хавфларни камайтириши керак. Ушбу чораларни амалга ошириш катта маблағ талаб қилиши мумкин. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, ҳукумат қурилиш қиймати ҳаддан ташқари ошиб кетмаслигидан манфаатдор.

Қаҳҳорзода лойиҳа хавфсизлиги асосий устувор вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлаган.

“Ҳукумат учун Роғун ГЭСнинг нафақат иқтисодий барқарорлиги, балки унинг техник ва экологик хавфсизлиги ҳам муҳимдир”, дейди у.

Вазир хавфсизлик масалалари, жумладан, дарё оқими бўйлаб пастда жойлашган мамлакатларнинг талаблари ва манфаатлари билан ҳам боғлиқлигини қайд этган. У халқаро экспертлар, шунингдек, Роғун ГЭС, каскаддаги бошқа станциялар ва аҳолининг эҳтимолий фавқулодда вазиятларга тайёрлигини баҳолаётганини таъкидлаган. Шу сабабли станция қурилиши билан бир вақтда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшимча ишлар ҳам олиб борилмоқда.

Роғун ГЭС

Роғун ГЭС Тожикистоннинг энг йирик энергетика лойиҳасидир ва у Вахш дарёсида жойлашган. ГЭС қурилиши дастлаб 1976 йилда бошланган, бироқ СССР парчалангач, тўхтатилган эди.

2016 йилда лойиҳа қайта тикланди ва у мамлакатнинг энергетика сиёсатида устувор йўналишга айланди.

Қурилиш якунлангач, Роғун ГЭС Марказий Осиёдаги энг йирик ГЭС бўлиб, 3600 МВт қувватга эга бўлади.

Тожикистон 2018 йилдан буён Ўзбекистонга электр энергиясини, асосан вегетацион мавсумда, икки томонлама келишувлар асосида етказиб келмоқда.

Янги шартнома икки давлатнинг Марказий Осиё умумий энергия тизими доирасида чуқур энергетик интеграцияга интилаётганини акс эттиради ва бутун минтақада барқарор энергия таъминотини таъминлаш учун асос яратади. 

Қайд этиб ўтиш жоизки, ушбу ГЭСнинг қад ростлашига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қатъий қаршилик билдирган. Каримов бу лойиҳа ҳақида бир неча бор танқидий чиқишлар ҳам қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Роғун ГЭСдан 20 йил давомида электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувга эришди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг