“Миллатдошлари ишини такрорлади”. Рус актёри ўзбекни калака қилишда айбланмоқда
Жамият
−
26 Ноябрь 2025 22902 7 дақиқа
Эгасиз санғиган ҳар дайди жонзот
Бошини силасанг қўлинг тишлайди.
Ногаҳон ғингшибсан, инсонсан наҳот,
Муздек юрагингда ғараз қишлайди.
Саховат сўзининг маъносин билмай
Меҳмондан минг фарсаҳ қочгувчи бу – сен.
Сийлаган кимсани назарга илмай,
Тағин заҳрини ҳам сочгувчи бу – сен.
Бу Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг шеъридан парча. Уни шоирнинг қизи Рухсора Орипова рус актёри Сергей Безруковнинг ҳаракатларига жавоб тариқасида ўз каналида улашди. Гап шундаки, Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени соҳиби, “Бригада” сериали орқали кўпчиликка яхши таниш россиялик актёр Сергей Безруков ўзбекистонлик шахснинг русча талаффузини калака қилгани ортидан кескин танқидга учради.
Бундан икки ой олдин актёр ТАCC нашри ташкил этган матбуот анжуманида 2022 йил сентябрь ойида ўтказилган “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалида қатнашганини ёдга олган. Безруков ўша сафар чоғи рус шоири Сергей Есениннинг қизи – Татяна Есенинанинг Тошкентдаги қабрига гул қўйиш билан боғлиқ ҳодисани ҳикоя қилар экан, ўзбекистонликлар томонидан кўрсатилган меҳмондўстлик ва одамгарчилик ҳақида масхараомуз оҳангда фикр билдиради, “рус тилини билмайдиган” ўзбекистонликларни калака қилади. Унинг сўзларига кўра, актёр кечаси қабристонга борган, рус тилини билмайдиган қабристон қоровули эса уни кўриб, “Бригада” сериалидаги образи – Сашка Белийни эслаган. Актёр мазкур ҳолатни бўрттирилган ҳолатда ролга кириб намойиш этган ва қоровулнинг “Белый” сўзини талаффуз қилганини калака қилган. Актёр ўз сўзини ўзбекча “раҳмат” билан тугатиш мақсад қилган, аммо нотўғри талаффузда “раҳмет” деган.

Ушбу видеолавҳа тарқалиши ортидан ўзбекистонлик жамоат фаоллари актёрни ўз ҳаддини билмаганликда айблаб, унинг ножўя фикрларига қарши кескин эътироз билдирди. Хусусан, жамоат фаоли, журналист Шаҳноза Соатова актёр Безруковни “маданиятсизликнинг чўққисини кўрсатиб кетиш”да айблади ва ўзбек хонандаси Жалолиддин Аҳмадалиевнинг Россиядаги концертида мигрантларга қарши ўтказилган рейдни эсга олди.
“Биз буларни қучоқ очиб кутиб оламиз, зиёфатлар берамиз, елкасига тўн ёпамиз, саҳналаримизга чиқиб катта пуллар ишлашига қўйиб берамиз. Булар эса юртига қайтгач “рус тилини билмайдиган” ўзбекистонликларни масхаралаб латифа айтиб юради. Россия-Украина можароси бошланганидан бери Тошкентда россиялик юлдузлар ёмғири тинмаяпти. Тинч келиб, ҳурматини билиб концерт қўйиб кетса майли эди. Йўқ, баъзилари маданият, санъат олиб келяпман деб маданиятсизликнинг чўққисини кўрсатиб кетади. Россияда ўзбек юлдузи ҳурматини билиб тинч концерт қўйганида эса тадбирнинг қизиқ жойида кириб бузишади. Маданий алоқалар, ўзаро ҳурмат икки томонлама бўлиши керак эмасми?” дея ёзди у.

Шунингдек, Соатова россиялик артистларнинг миясидаги шовинизм барибир сезилиб қолишини таъкидлади:
“Мен россиялик санъаткорларнинг яхши, савияли ижоди борлигини эътироф этаман, уларнинг Ўзбекистонда мухлислари кўп бўлишини табиий қабул қиламан. Лекин тузингни еб, тузлуғингга тупуриб кетадиган мана бундай нонкўрларни оқлаш учун “Санъат – тинчлик элчиси”, “Маданий алоқалар сиёсатдан холи” деган иборалар ёпишмайди. Буларнинг миясидаги, менталитетидаги шовинизм барибир ўрни келиб тошиб чиқади”.
Воқеаларга муносабат билдириш, айниқса, россияликларнинг шовинизмга бурканган чиқишларига жавоб қайтаришда энг дастлабкилардан бўлган журналист Шерзодхон Қудратхўжаев рус маданияти вакиллари ўн йилликлар давомида бошқа халқларни масхара ва менсимай ҳазил қилишни тарғиб қилиб келаётгани ва ўзларини юқори халқ деб кўрсатишга уринаётганига тўхталди:
“Шу ўринда рус маданияти ўн йилликлар давомида латифаларда тарғиб қилиб ва намойиш этиб келаётган нарса намоён бўлди: чукчалар, хохоллар, “кичик халқлар” – масхара қилиш учун. Бегона маданият – менсимай ҳазил қилиш учун. Ва мана сиз, ушбу мамлакатда туриб, ўша қарашни беихтиёр такрорлаяпсиз: ғашланиш, ҳайратланиш, ўзингизни “юқори”, қандайдир “оқ танли одам”дек кўрсатишга уриниш, қолганлар эса гўё 2 навли абориген ёки ҳиндулар...”, деб ёзди у ўзининг Facebook саҳифасида.

Сергей Безруковнинг ҳаракатларига бирма-бир жавоб берар экан Қудратхўжа актёрнинг ғашини келтириб, алам қилаётган нарса қоровулнинг рус тилини билмаслиги эмас, Ўзбекистоннинг унга мослашмасдан яшашга журъат этаётгани эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, журналистнинг фикрича, меҳмонларни “Меҳмон отангдан улуғ” деб идеаллаштириш керак эмас.
“Келинг, четдан келган гастролчилар олдида елиб-югуриб, улардан келгинди кумир ясашни тўхтатайлик. Ўзи шундоғам ҳеч қаерда кутилмаётган, жуғрофияси торайиб бораётган рус артистларини юртимизга ташрифини камайтириш пайти келди!”, деб ёзди Шерзодхон Қудратхўжа.
Публицист Рустам Жабборов ҳам мазкур воқеага муносабат билдирар экан, рус актёрининг бу ҳаракати мутлақо кутилмаган бўлмагани ва бундан жазавага тушиш керак эмаслигини ёзди:
“Безруков ҳам ўз ишини қилган холос. Юз эллик йилдан бери ўзбек халқининг тузини ичиб тузлуғига тупуриб келган кўплаб миллатдошларининг ишини такрорлади холос. (Албатта, унинг миллатдошлари орасида яхши инсонлар беҳисоб). Келди, еб-ичди, ҳурмат-иззат кўрди. Гонорарини қуртдай санаб олди. Охир-оқибат уни ҳурмат қилиб, ярим кечаси уйқусини ҳаром қилиб, эшик очган бир ҳамюртимизни масхаралаб ўтирибди. Жазавага тушиб нима қиламиз? Асабийлашишнинг нима кераги бор? Буни табиий қабул қилишимиз даркор. Безруковга ўхшаган кимсалар ортиқча мулозамат, бағрикенглик ва самимиятга муносиб эмас”.
Таълим бўйича эксперт Баҳодир Ғаниев эса бошқа жамоат фаолларидан кўра қатъийроқ ва қаттиқроқ оҳангда пост ёзди. У бундай тадбирларни ташкил қилувчиларга “рус императори итлари”ни таклиф қилмасликни маслаҳат қилди. Ғаниев ўзбеклар бошқа миллат вакилларининг ўзбек тилида бирор нарса айтишга ҳаракат қилаётганини кўрса хурсанд бўлиб, ҳурмат кўрсатишини таъкидлади. Эксперт мабодо у мамлакатдаги русларнинг ўзбек тилини билмаслиги ёки ёмон талаффузи ҳақида ёзса, миллатчи, ирқчи деб аталиши ва изоҳлар негативларга тўлиб кетишини ёзар экан, негадир ҳозирги вазиятда Ўзбекистондаги рус тилли аҳолининг жим эканига урғу берди.
“Ажабланарли жиҳати шундаки, Россия империясининг қулашидан юз йил ўтиб, Совет Иттифоқининг тугашидан 34 йил ўтиб, демографик жиҳатдан пасайиб бораётган миллат вакиллари, 40 йил ичида ўз давлатларида кўпчиликни ташкил этишдан тўхтайдиган бўлса ҳам, ҳануз империя ва шу билан бирга қарамлик (кўпроқ феодал) фикрлаш тарзида қолган”, деб ёзган Баҳодир Ғаниев ўзининг Телеграм каналида.
Яна бир журналист Навбаҳор Имомова ҳам ҳолатга ўз муносабатини билдирар экан, Ўзбекистоннинг “тадбирбоз” эканини танқид қилди ва ўзбекистонликлар кўрсатаётган эҳтиром уларга қайтмаслигини таъкидлади: “итни ҳам, битни ҳам меҳмонга чақириб, текин боқиб, яна қўлига бебаҳо дурдоналарни тутқазиб, таъзим қилиб кутиб олиб, кузатишдан фахрланиб яшайдиган халқ ҳеч қачон иззатда бўлмаслиги”ни урғулади.
“Мана сизга нонкўрликнинг яна бир мисоли. Нафақат Ўзбекистонда, балки четдаги ватандошлар ҳам шунақа - ким сизга кулиб қараса, бошингизга кўтарасиз; бизни тан оляпти, бизга лол қоляпти, деган кайфда дўппи-чопон, атлас кийдирасиз. Нафис сопол совғалар, гиламлар, ҳунармандчилик намуналари, қават-қават дастурхонлар … Ўзбекистонликларга ким шундай эҳтиром қилади? Ҳатто қўшнилар ҳам бу қадар ошириб юбормайди”, деб ёзди журналист.

Унинг фикрича, дабдабали ва қиммат анъана (иллат) лардан воз кечиш, амалий ёндашиш вақти етиб, ўтиб ҳам кетган.
“Тасаввур қилинг, Ўзбекистонга ҳар йили қанча одам текинга келиб кетади? Ўнлаб форум ва анжуман қатнашчилари харажатларини сиз тўлайсиз (бевосита ва билвосита). Карнай-сурнай, миллий кийимда қишда қалтираб турадиган қиз ва ўғиллар … Ок, қойил қолишади сизга, кейин нима?”, дея бундай дабдабабозликнинг аслида амалий нафи йўқлигига ишора қилган Навбаҳор Имомова.
Таъкидлаш керакки, ўзининг ушбу ҳаракати орқали танқидларга учраётган россиялик актёр Сергей Безруков бундан бир йил олдин, 2024 йил ноябрда Ўзбекистон “Дўстлик” ордени билан тақдирланган эди. Бундай чиқишлари билан актёр ўзининг Ўзбекистонга қанчалик “дўстона” муносабатда эканини кўрсатди, дейиш мумкин.
Ўзбек жамоатчилигининг унга билдираётган фикрларини провокация деб атаётган Безруков аслида ўзбек халқини ҳурмат қилишини айтиб чиқди. Унингча, қарши фикрлар миллатлар орасида адоват қўзғаш мақсадида билдирилмоқда. Ҳа, улар масхара қилса – ҳазил, жавоб қайтарилса – провокация... Аммо жим кетиш – бундай калакаларга йўл очиб бериш, эмасми?! Актёр ўз чиқишини “образга кириш” сифатида қанчалик хаспўшламасин, унинг ҳар бир сўзида қабристон қоровулига нисбатан беписандлик билан масхара сезилиб турганига кўз юмиб бўлмайди. Нега энди, қоровулнинг ярим тунда машҳур актёрни учратганидан ҳаяжонга тушгани ҳолати “довдир инсон” тасвири орқали нутқни бўрттирилган тарзда бачканалаштириб тасвирланиши керак?