Миграция агентлиги Россия Иқтисодиёт вазири ўзбекистонлик мигрантлар сонини ошириб кўрсатганини маълум қилди
Жамият
−
29 Апрель 2023
7769Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетников Тошкентда ўтказилган иккинчи Халқаро инвестиция форумида Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони етти йилда тўрт баравар ошганини маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Решетниковнинг гаплари асосга эга эмаслигини, рақамлар ошириб кўрсатилганини маълум қилди.
Гарчи агентликнинг муносабатида “қатор оммавий ахборот воситаларида” тарқалган хабарга раддия берилган ва Максим Решетниковнинг гапларидан иқтибос келтирилмаган бўлсада, муносабат айнан Россия Иқтисодий ривожланиш вазирининг Тошкентдаги форумда айтган гапларига нисбатан берилган.
Агентликнинг маълум қилишича, Россияга ишлаш учун борувчи фуқаролар сони мавсумга қараб ўзгаради. Бунда хорижда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантларнинг асосий қисми Россия ҳиссасига тўғри келсада, уларнинг сони етти йилда тўрт бараварга ошмаган. Тақдим этилган статистикага кўра, Россияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик мигрантлар сони 2016 йилда тахминан 2 миллион нафар бўлган бўлса, ҳозирги вақтда бу миқдор 1,5 миллионга тушган. Яъни меҳнат муҳожирлари сони Решетников айтганидек 7 йилда тўрт баравар кўпайиш ўрнига, аксинча, 25 фоизга камайган.
LiveБарчаси