Метронинг янги станцияларига QALAMPIR билан видеосаёҳат
Жамият
−
31 Август 2020
8580Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида мамлакат тарихида илк бор 7 бекатдан иборат ер устки метроси қуриб, фойдаланишга топширилди. Aҳолига қулайлик яратиш мақсадида Юнусобод йўналишига янги 2 та бекат қўшилди. Мазкур янги очилган метро бекатлари 30 августдан аҳолига хизмат кўрсата бошлади.
Янги типда қурилган Юнусобод йўналишидаги “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари бунгача қурилган метро бекатларидан фарқланиб туради. Ёруғ, шинам, замонавий ва кенг метро бекатлари такрорланмас ўзгача кўриниш касб этган.
Мазкур янги метро йўналишининг иккинчи босқич қурилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 ноябрдаги қарорига мувофиқ бошланган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 103,8 миллион доллар бўлиб, иккита бекатнинг узунлиги қарийб 3 километрни ташкил этади. Йўлнинг 850 метр қисми ерости сув кўп жойга тўғри келган. Янги очилган иккита бекат кунига 7,5 минг йўловчига хизмат кўрсата олади.
Тошкент шаҳридаги ерусти ҳалқа метросини лойиҳалаштириш 2017 йилда бошланган бўлиб, орадан 3 йил ўтмай фойдаланишга топширилди.
Ишга тушган “Дўстлик-2” бекатидан “Қўйлиқ” бекатигача бўлган масофа салкам 12 кмни ташкил этади. Йўналишда 7 та бекат барпо этилган. Биринчи бекатдан охиргисигача 19 дақиқада етиб олиш мумкин. Бу масофада ҳар бири 4 та вагондан иборат 4 та поезд қатнайди.
Янги ер устки метро йўлида кунига 46 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Ерусти ҳалқа метроси лойиҳасининг умумий қиймати 422 миллион доллардан зиёд бўлиб, бешта босқичда амалга оширилди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Хидоятовнинг айтишича, метродан фойдаланувчилар сони аввал 130 мингга тушиб кетган. Ҳозирда уларнинг сони яна 240 минга кўтарилган. Шаҳар ҳокимлигининг режасига кўра, мазкур рақамларни 400 минга етказиш мақсад қилинган.
Қуриб битказилган метроларда эски жетонлардан бутунлай воз кечилиб, янги электрон чипталар жорий этилган. Янги ер устки метро йўналишида қарийб 500 дан ортиқ киши иш билан таъминланган.
“Ерустки метросини қуришда 3 мингдан зиёд темир йўлчилар хизмат қилган бўлса, 400 дан ортиқ қурилиш техникаларидан фойдаланилди. Ер устки метросининг ҳаракатланиш вақти 12 дақиқа бўлиб, метро йўлакларида ҳаракатлар кўпайганидан сўнг уларнинг вақти яна қисқартилади”, деди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарма бошлиғи ўринбосари Aзиз Aбдиев.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда илк метро қурилиши 1977 йилда бошланган. У илк бор 9 та бекат билан иш бошлаган. Юнусобод йўналишидаги 6 та бекат 2001 йилда фойдаланишга топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Мустақиллик байрами муносабати билан 31 август ва 1-2 сентябрь кунлари метродан фойдаланиш бепул.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси