Мессининг иккинчи ёшлиги: Аргентина тарихни қайта ёзмоқда
Таҳлил
−
18:46 1139 7 дақиқа
Аргентина терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати ярим финалида Англияни мағлуб этиб, ўз тарихида иккинчи марта кетма-кет икки мундиал финалига чиқди. Бунгача “Альбиселесте” бундай натижага 1986 ва 1990 йилларда эришган эди. Шу билан бирга, бу Аргентинанинг Жаҳон чемпионатлари тарихидаги еттинчи финали бўлди. Бу кўрсаткич бўйича жанубий америкаликлар Италияни ортда қолдириб, Бразилия билан тенглашди. Энди уларни тарихий ютуқдан атиги бир қадам ажратиб турибди – жаҳон чемпионлиги унвонини муваффақиятли ҳимоя қилиш.
Финал қандай якунланишидан қатъи назар, Аргентина аллақачон жаҳон футболининг энг буюк терма жамоаларидан бири эканини яна бир бор исботлади. Лионель Скалони бошчилигидаги жамоа нафақат натижа, балки характер, барқарорлик ва чемпионлик руҳини ҳам намоён этмоқда.
Англия учун эса манзара мутлақо бошқача. Футбол ватани ҳисобланган мамлакат ҳали ҳам 1966 йилдан бери йирик халқаро мусобақада бош совринни қўлга кирита олмаяпти. Ўшандан буён англияликлар бирор марта ҳам Жаҳон чемпионати финалига чиқа олмаган эди. Бу сафар ҳам уларнинг орзуси ярим финалда тугади.
Омад эмас, характер ҳал қилди
Учрашув олдидан кўплаб мутахассислар Англияни кичик фаворит сифатида баҳолаган эди. Бунга асосий сабаб сифатида жамоанинг кучли рақибларга қарши ишончли ўйини келтирилди. Айрим таҳлилчилар эса Аргентина плей-оффда нисбатан енгилроқ қуръа туфайли бу босқичгача етиб келганини таъкидлади. Бироқ бундай фикрлар тўлиқ ҳақиқатни акс эттирмасди. Чунки Аргентина бутун турнир давомида жуда мураккаб рақибларга қарши майдонга тушди. Масалан, Кабо-Верде Испания билан 0:0, Уругвай билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, Саудия Арабистонига ҳам ютқазмаган эди. Шунинг учун аргентиналикларнинг йўли осон бўлганини айтиш қийин. Бундан ташқари, Лионель Скалони шогирдлари турли баҳсли айбловларга ҳам дуч келди. Айрим мисрлик мутахассислар ҳатто Аргентина FIFA томонидан қўллаб-қувватланаётганини даъво қилди. Аммо бу иддаолар майдонда ўз тасдиғини топмади.
Англия таркибида тажрибали етакчилар, кучли жисмоний тайёргарлик ва юқори савияли ижрочилар етарли эди. Шу боис кўпчилик босим остида айнан Аргентина хатога йўл қўяди, деб ҳисоблади. Аммо воқелик бутунлай бошқача бўлди. Илк дақиқаларданоқ майдонда мутлақо тенг кураш кечди. Қаттиқ тўқнашувлар, кескин баҳслар ва юқори суръат ўйинга алоҳида драматизм бағишлади. Бунда икки мамлакат ўртасидаги тарихий ва сиёсий зиддият ҳам муайян даражада ўз таъсирини ўтказгани сезилди.
Англия ҳисобни очгунига қадар ҳар икки жамоа бир хил даражада ташаббускорлик кўрсатди. Майдондаги курашда ҳеч қайси томон устунликка эга эмасдек кўринаётганди. Бироқ ўйиннинг ҳал қилувчи қисмида чемпионлик тажрибаси ва кучли характер айнан Аргентина томонида экани яна бир бор намоён бўлди.
Чемпионларча камбэк: Аргентина босимни оширди ва Англияни “синдирди”
Энтони Гордон ҳисобни очганидан кейин ўйин бутунлай бошқа сценарий бўйича ривожланди. Голгача ҳар икки жамоа тенг кураш олиб борган бўлса, шундан кейин ташаббус тўлиқ Аргентина қўлига ўтди. Амалдаги жаҳон чемпионлари учрашувнинг сўнгги ярим соатида рақибига нафас ростлаш имконини бермади. Скалони шогирдлари тўп назоратини қўлга олди, ҳужумлар сонини кескин оширди ва Англия жарима майдони атрофида кетма-кет хавфли вазиятлар ярата бошлади.
Энг қизиқ жиҳати шундаки, баланд бўйли ва ҳаводаги курашларда анча устун ҳисобланган инглизларга қарши аргентиналиклар айнан қанотлар орқали узатмалар ва жарима майдонига оширилган тўплар билан босим ўтказишди. Бу тактик ечим кутилмаган бўлса-да, самара берди. 85-дақиқада Энцо Фернандес ҳисобни тенглаштирди. Бу гол нафақат таблода мувозанатни тиклади, балки руҳий жиҳатдан ҳам ўйинни бутунлай Аргентина томонига оғдирди.
Англия футболчилари ўзларига келиб улгурмасидан, қўшиб берилган вақтнинг иккинчи дақиқасида Лаутаро Мартинес ғалаба голини киритди. Захирадан майдонга тушган ҳужумчи ўз вазифасини аъло даражада бажарди ва Аргентинага финал йўлланмасини тақдим этди.
Месси яна бир бор тарих ёзди
Аргентина ярим финалда жамоавий ўйини билан ажралиб турган бўлса-да, баҳснинг бош қаҳрамони яна Лионель Месси бўлди. 39 ёшли ҳужумчи икки голли узатма муаллифига айланиб, учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу унинг жорий мундиалдаги бешинчи “Ўйиннинг энг яхши футболчиси” соврини бўлди. Ярим финалдан сўнг Месси яна бир тарихий натижага эришди. У 1970 йилдан буён бир мундиал доирасида гол ва голли узатмалар йиғиндиси бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этди. Шу билан бирга, у турнирнинг энг сермаҳсул футболчиси сифатида ўз мақомини янада мустаҳкамлади.
Шу билан бирга, Аргентинанинг бу муваффақиятини фақат Месси билан боғлаш ҳам тўғри эмас. Захирадан майдонга тушган Лаутаро Мартинес ҳал қилувчи голни урди, Энцо Фернандес марказда катта ҳажмда иш бажарди, ҳимоячилар эса охирги дақиқаларгача интизомни сақлаб қолди. Бироқ барибир жамоанинг юраги ҳам, руҳи ҳам Лионель Месси бўлиб қолмоқда. У нафақат ўйинни бошқаради, балки бутун жамоага ишонч бағишлайди.
Ярим финалдан кейин 2026 йилги “Олтин тўп” учун курашда ҳам вазият деярли ойдинлашди. Килиан Мбаппе, Жуд Беллингем ва Ҳарри Кейн каби асосий рақобатчилар ҳал қилувчи босқичларда ўзини тўлиқ намоён эта олмади. Испания таркибида эса жамоавий футбол биринчи ўринда бўлиб, якка тартибда яққол ажралиб турган етакчи ҳозирча кўринмаяпти.
Шу сабабли, финал натижасидан қатъи назар, Месси ҳозирнинг ўзида “Олтин тўп” учун энг асосий фаворит сифатида кўрилмоқда. Агар у Аргентинани кетма-кет иккинчи жаҳон чемпионлигига етаклай олса, тўққизинчи “Олтин тўп” ҳам унинг фаолиятидаги навбатдаги тарихий саҳифага айланиши мумкин. 39 ёшида ҳам жаҳон футболида ҳал қилувчи шахс бўлиб қолиш – бу афсонадир.
Энди навбат тарихга: Аргентина ва Испанияни афсонавий финал кутмоқда
Энди бутун футбол оламининг нигоҳи 19 июль куни Нью-Жерсидаги “МетЛайф” стадионига қаратилади. Бу ерда 2026 йилги Жаҳон чемпионати тақдири ҳал бўлади. Бир томонда – амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина. Иккинчи томонда эса амалдаги Европа чемпиони Испания. Бу финал бир қарашда оддий чемпионлик баҳсидек кўринса-да, унинг аҳамияти анча чуқур.
Турнир бошланишидан аввал айнан шу икки жамоа Финалиссима баҳсида ўзаро куч синашиши керак эди. Бироқ Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият туфайли учрашув бекор қилинди. Тақдир эса уларни анча йирик саҳнада – Жаҳон чемпионати финалида учраштирди. Бу нафақат икки кучли жамоанинг тўқнашуви, балки икки хил футбол фалсафасининг қарама-қаршилиги ҳам бўлади.
Испания бутун турнир давомида жамоавий ҳаракат, юқори прессинг ва тўп назоратига асосланган замонавий футбол намойиш этди. Луис де ла Фуэнте шогирдлари бир футболчига эмас, балки яхлит тизимга таяниш орқали финалгача етиб келди. Аргентина эса чемпионлик характери, психологик барқарорлик ва ҳал қилувчи паллалардаги совуққонлиги билан ажралиб турди. Бу жамоа қийинчиликдан қўрқмайди, босим остида эса аксинча, янада кучлироқ ўйнайди.
Финалнинг яна бир муҳим интригаси – Лионель Месси. 39 ёшли афсона фаолиятидаги эҳтимол сўнгги Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Агар у Аргентина билан кетма-кет иккинчи бор жаҳон чемпиони бўлса, футбол тарихида эришиш жуда қийин бўлган натижалардан забт этади. Бу ғалаба унинг тўққизинчи “Олтин тўп” учун имкониятларини ҳам янада оширади. Гарчи Мессининг буюклиги аллақачон исботланган бўлса-да, яна бир жаҳон чемпионлиги унинг меросини мутлақо янги даражага олиб чиқиши мумкин.
Испания учун эса бу финал янги авлоднинг тўлиқ шаклланганини исботлаш имкониятидир. Агар “Қизил фурия” ғалаба қозонса, Европа футболида бошланган янги даврнинг рамзига айланади. Шу боис бу финалда фақат олтин медаллар эмас, балки футбол тарихидаги янги саҳифа ҳам ўртага қўйилади. 2026 йилги мундиаль аллақачон кўплаб рекордлар, драматик ўйинлар ва кутилмаган натижалар билан ёдда қолди. Энди эса унинг энг муҳим 90 дақиқаси қолди. Аргентина ўз чемпионлик унвонини ҳимоя қилиб, афсоналар қаторидаги ўрнини янада мустаҳкамлайдими? Ёки Испания янги футбол даврининг бош қаҳрамонига айланадими?
Бу саволларга жавобни 19 июль куни Жаҳон чемпионати финали беради.
Live
Барчаси