Меркель кетганидан кейин Германиядаги шароит ёмонлашди – сўровнома
Олам
−
18 Июль
4493Германиялик сайловчиларнинг аксарияти Ангела Меркель Германия канцлери лавозимидан кетганидан кейин мамлакатдаги вазият ёмонлашган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда YouGov жамоатчилик фикрини ўрганиш институти томонидан Меркельнинг 70 йиллигига бағишланган сўровнома натижаларида сўз боради.
Тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг 61 фоизи Ангела Меркель бошқаруви тугаганидан кейин Германияда турмуш шароити ёмонлашган, деб ҳисоблайди. Сўровномада иштирок этганларнинг 7 фоизигина вазият яхшиланганига ишонади, яна 25 фоизи эса жиддий ўзгаришларни сезмаган.
Меркель канцлер лавозимини тарк этганидан сўнг мамлакатдаги вазият ёмонлашгани ҳақидаги фикрни кўпроқ катта ёшдагилар билдирган: 60 ёшдан 69 ёшгача бўлган респондентларнинг 71 фоизи ва 50 ёшдан 59 ёшгача бўлган респондентларнинг 69 фоизи шу фикрда.
Шу билан бирга, норозиларнинг кўпчилиги ўнг қанот популистик “Германия учун альтернатив” сайловчилари орасида бўлган: уларнинг 85 фоизи Меркелнинг кетиши билан вазият ёмонлашганига ишонч билдирган.
Қайд этилишича, яхши томонга ўзгаришлар ҳақида гапирганлар орасида ҳукмрон коалицияда “Яшиллар” тарафдорлари кўпроқ бўлган – уларнинг 13 фоизи Германияда Меркель кетганидан кейин ҳаёт яхшиланганига ишонади. 26% бундай ўзгаришларни ташқи шароитлар билан боғлайди, 21% Олаф Шольц ҳукмронлиги ва яна 44% ҳар иккала омилга ишора қилади.
Маълумот учун, Ангела Меркель Германиянинг саккизинчи федерал канцлери ва Германия ҳукуматини бошқарган биринчи аёлдир. У 2005 йилдан 2021 йилгача 16 йил давомида канцлер лавозимида ишлаган. Меркел ҳокимиятда бўлганида ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланган. Бироқ Меркел Германия ҳукумати раҳбари лавозимини тарк этганидан сўнг бошланган Россиянинг Украинага қарши уруши кўпчиликни унинг меросини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Кеча, 17 июль куни Меркель 70 ёшга тўлди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси