Mercedes ҳам ҳарбий техникалар ишлаб чиқармоқчи
Олам
−
16 Май 2008 2 дақиқа
Премиум-классдаги автомобилларни йиғишга ихтисослашган Германиянинг энг йирик автоконцернларидан бири Mercedes-Benz ҳарбий техникалар ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин. Бу ҳақда гуруҳ бош ижрочи директори (CEO) Ола Келлениус “The Wall Street Journal” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
“Менинг фикримча, Европа ўз мудофаа салоҳиятини ошириши зарур. Агар бизда бу борада ижобий роль ўйнаш имконияти бўлса, биз бунга тайёрмиз”, дейди у.
Бундан аввалроқ Volkswagen раҳбари Оливер Блюм ҳам умумевропа қуролланиш дастури доирасида Германия армияси эҳтиёжлари учун ҳарбий техника ишлаб чиқаришни бошлашга тайёрлигини билдирган.
Маълумот учун, Mercedes 2021 йилдан бери оғир юк машиналари, жумладан, ҳарбий мақсадларда қўлланиладиган техникаларни ишлаб чиқармоқда. Шунингдек, концерн анчадан буён дунё бўйлаб ўз G-Класс (Гелендваген) йўлтанламасларининг ҳарбий модификацияларини таклиф қилиб келади. Келлениуснинг прогноз қилишича, мудофаа билан боғлиқ фаолият енгил ва кичик тоннажли юк автомобиллари ишлаб чиқаришга нисбатан “бизнеснинг унча катта бўлмаган улушини” ташкил этади.
“Шундай бўлса-да бу ривожланаётган нишага айланиши ва молиявий натижаларимизга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Шу боис, вазиятни кузатамиз”, дейди у.
WSJ нашрининг қайд этишича, компания бошқа ғарб автомобиль ишлаб чиқарувчилари каби жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. 2025 йилда концерн фойдаси қарийб икки баробарга ($1,2 миллиардга) камайди. Бунга қисман АҚШдаги божхона тўловларининг ошиши ҳамда Хитой компаниялари томонидан кучайиб бораётган рақобат сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг қимматбаҳо автомобиллар ишлаб чиқарувчиси Porsche Германия автомобиль саноатининг муаммолари ва мамлакат ҳукумати томонидан мудофаа харажатларини ошириш режаси фонида танклар ва қуроллар ишлаб чиқаришни бошлаши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси