Мен уни огоҳлантиргандим – Жапаров Ташиевни МХДҚдан қувиши ҳақида
Олам
−
09:24 20207 4 дақиқа
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни лавозимидан озод этишдан аввал унга қўнғироқ қилиб, бу масалада уни огоҳлантирган. Бу ҳақда Жапаровнинг ўзи “Кабар” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Қарор қабул қилишдан олдин дўстимга қўнғироқ қилиб, бу ердаги вазиятни тушунтирдим, уни лавозимидан озод қилаётганимни айтдим ва шундан сўнг қарор қабул қилдим. Бу тезкор қарор билан, аксинча, дўстимни ҳимоя қилдим деб ўйлайман. Чунки унинг атрофидагилар, уларни “оқсоқол” деймизми, “кўксоқол” деймизми, ҳар ҳолда, дўстимни тўғри йўлдан оздирмоқда эдилар.
Улар Қамчибек Ташиев номини ниқоб қилиб, парламент депутатлари, масъул давлат хизматчилари, шунингдек, жамиятда таниқли шахсларга "Генерал томонига ўтинглар," дея мурожаат қила бошладилар”, дейди Жапаров.
Жапаровнинг алоҳида урғулашича, агар мен Қамчибек Ташиев лавозимидан озод қилинмаганида, кўрсатилган йўналишда ишлаганларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли бундай баёнотлар янада кўпайиб кетган бўларди. Бу давлат аппарати ходимлари ўртасида ва жамиятда бўлинишга, қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин эди. Айнан шу сабабли у дўстини лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур бўлган.
“Давлатдаги барқарорлик мен учун ҳамма нарсадан устун туради”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, лавозимидан озод этилганидан бир кун ўтиб баёнот билан чиққан Қамчибек Ташиевнинг ўзи Президентнинг қарори ҳақида Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилганди. У ўз баёнотида ҳатто шахсий таркиб билан хайрлашишга имкон берилмаганидан шикоят қилган.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси