Мен нима дейману, қўбизим нима дейди? Гапда бор, амалда йўқ ишлар

Таҳлил

image

Ҳар ойнинг биринчи санасидан нималар ўзгаради деб, йилнинг якунига ҳам етиб келибмиз. Ростдан ҳам бутун йил мобайнида нималар ўзгарди? Кимга қандай таъсир қилди? Аслида жамиятда ижобий ўзгаришларга олиб келиш учун қабул қилинадиган ҳукумат қарорлари аҳоли турмуш тарзини қандай ўзгартирди? Бизнингча, буларнинг ҳаммасини сарҳисоб қилиш вақти келди!

Автобусларда йўл ҳақи учун нақд пул тўланмайдиган бўлди

2025 йилнинг энг биринчи ўзгаришларидан бири Тошкент шаҳрида нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилгани бўлди. Ёдингизда бўлса, 1 январдан бошлаб, тўловлар электрон тарзда, транспорт ёки банк карталари орқали қабул қилина бошлади. Нақд пул беришни афзал кўрган йўловчилар учун шаҳар бекатларида инфокиоскалар ўрнатилди. 

Бошида ўрганиш қийин бўлди. Автобусларда нақд пул қабул қилиш бекор қилиниши билан транспорт ёки банк картаси бўлмаган, мобил иловалардан фойдаланишни билмайдиган ёки оддийгина янгиликдан хабари бўлмаган йўловчилар орасида муаммолар юзага келди.

Бироқ, бу ўзгариш фақат йўловчиларга эмас, балки автобусдаги ҳайдовчидан ташқари яна бир муҳим касб эгалари – нақд пул йиғувчи чиптачилар, халқ тилида айтганда “кондукторлар” фаолиятига ҳам бевосита таъсир қилди. Нақд пул билан тўлов амалиётининг бекор қилиниши натижасида уларнинг иши тўхтатилди. Энди автобусга чиққанингизда “йўлкирани тайёрланг” деган огоҳлантиришлар йўқ – ҳар бир йўловчи йўл ҳақини мустақил ва онгли равишда карта ёки онлайн иловалар орқали тўламоқда. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, йўл ҳақини тўламасдан юрганлар ҳам талайгина. Тошкент шаҳри жамоат транспортида 2025 йилнинг 11 ойи давомида 19 500 дан ортиқ йўл ҳақини тўламаслик ҳолатлари аниқланган. Ўтказилган рейдлар давомида кунига 350-400 киши йўл ҳақини тўламагани сабабли маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.  

Маълумот учун, жамоат транспортида йўл ҳақини тўламаганлик учун жарима БҲМнинг ўндан бир қисмини – 41 200 сўмни ташкил этади.

Электр энергияси ва газ тарифлари оширилди

Нархларнинг кўтарилиши янгилик эмас, йилдан-йилга табиий жараёндек бўлиб бормоқда. Талабга қараб таклиф, истеъмол ҳажмига қараб ишлаб чиқариш ҳам ошиб бормоқда. Бу йилги нарх ўзгаришларидан бири электр энергияси ва газ тарифларининг кескин ошиши эди.  
Жорий йил 1 майдан бошлаб электр энергияси учун базавий тариф 33 фоизга ва табиий газ учун эса 53,8 фоизга оширилди. Ўзбекистонда электр энергияси учун ижтимоий норма йил давомида ойига 200 кВт/соат этиб белгиланди. Мазкур базавий тариф учун нархлар 2025 йилнинг 1 майдан бошлаб 450 сўмдан 600 сўмга оширилди. Газ учун эса 650 сўмдан 100 сўмгача оширилди. Шунингдек, маиший истеъмолчиларга 201 дан 500 кВт/соатгача электр энергияси истеъмоли учун тариф 800 сўмни (1000 сўм ўрнига), кўп қаватли уйлар ва электр плитали ётоқхоналарда яшовчи истеъмолчилар учун эса 400 сўмни (500 сўм ўрнига) ташкил этади.

Бундан ташқари, 2026 йилдан электр энергияси ва газ тарифлари йиллик инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда, лекин 10 фоиздан оширмасдан ҳар йили 1 майдан кўтарилиб бориши белгиланди. Қисқасини айтганда, электр энергия ва газдан қанча кўп фойдалансангиз, шунча кўп тўлайсиз.

Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар оширилди

Йўлкира, озиқ-овқат, кийим-кечак – ҳамма нарсанинг нархи ошиб кетган, аммо маош ёки стипендия ошишидан дарак йўқ, дейдиганларнинг оғзи ошга етди. 1 июлдан пенсия, нафақалар, 1 августдан эса иш ҳақи ҳамда стипендиялар 10 фоизга оширилди. Президент фармонига кўра, кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари қуйидаги миқдорда белгиланди:

  1. Ёшга доир энг кам пенсия 918 минг сўм (834 000 сўм ўрнига), ногиронлик пенсияси 1 млн 12 минг сўмни (920 000 сом ўрнига) ташкил этади.
  2. Кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
  • 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 360 000 сўм;
  • 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 275 000 сўм;
  • оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 165 000 сўм;
  • оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 110 000 сўм.

       3. Кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори 420 000 сўм этиб белгиланди.

2025 йил 1 августдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори амалдаги 1 млн 155 минг сўмдан 1 млн 271 минг сўмга оширилди. Охирги марта иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 2024 йил 1 сентябрь куни 15 фоизга оширилган эди.

Фақат қоғозда қолган экологик қарорлар

Иқлим ўзгариши оқибатида юзага келган иқтисодий, сиёсий ва экологик муаммолар ниҳоят Ўзбекистонга ҳам етиб келди. Авваллари экофаоллар, журналистлар умуман жамоатчилик, асосан Орол фожиаси ҳақида бонг уриб келган бўлса, эндиликда ҳаво ифлосланиши кундалик муҳокама мавзусига айланди. Хусусан, Air Quality Index маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри бир неча бор дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳарлар рейтингида юқори ўринларни қайд этди. 

Аслини олганда, 2025 йил ўз номига хос ва мос бўлди. Яъни, “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт” йилида экологияга бўлган этибор ҳар қачонгидан ҳам зарур эди. Кулранг шаҳарга айланиб қолган пойтахтда одамлар ниқобсиз кўчага чиқишга қўрқиб қолган, кези келса, тоза ҳавони пулга сотиб олишга тайёр эди. 

Ниҳоят, жамоатчиликни жиддий ташвишга солаётган муаммо бу сафар ерда қолмай, Президентгача етиб борди.  Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Фармонга кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди. Унинг раиси этиб Азиз Абдуқаҳҳорович Абдуҳакимов тайинланди. У бир вақтнинг ўзида Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини ҳам эгаллайди. Қисқасини айтганда қўмита фаолияти ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил бўлиб фақат Президентга ҳисоб беради. 

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонун талабларига риоя этмасдан рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳар қандай ҳужжатларни қабул қилиш, жумладан, давлат экологик экспертизаси хулосасини бериш, дарахт ва буталарни кесиш ёки кўчиришни назарда тутувчи қарорлар чиқариш қатъий тақиқланади.

Энг муҳими шуки, Давлат экологик назорат инспекцияси – оддий қилиб айтганда Экополиция ташкил этилди. Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий махсус прокуратуралар фаолияти йўлга қўйилмоқда. 

Шу ўринда, жорий йилнинг октябрь ойи охирида Тошкентнинг Яккасарой тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб автомобиль йўли ёқасида жойлашган жами 174 туп дарахт ва бута мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланганини эслаб ўтиш зарур.  Энг ачинарли томони, буйруқ Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ўсиб турган дарахтлар ўрнига бошқа дарахтлар экиш тўғрисидаги топшириғига асосан, ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда бажарилган. Бу орқали табиатга 1 млрд 460 млн 952 минг сўм зарар етказилган. Аммо дарахтлар қирғини ортидан Раҳмоновга ҳеч қандай чора кўрилмади, у яна сувдан қуруқ чиқди. 8 ноябрь куни ободонлаштириш бошқармаси мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмига (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши) асосан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди. Бу фақат биз билган ва жамоатчилик мухокамасига сабаб болган дарахткушлик ҳолати, бироқ билмаганларимиз қанча?!

Юқоридаги Президент қарори ижро қилиниб улгурмасдан Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ҳам яна дарахткушлик ҳолати кузатилди. Бу ерда ҳам муаммо бир хил. Яна ҳоким ўринбосари мансаб ваколатидан четга чиқиб, дарахтларни ҳимоя қилаётган туман экология инспекторига қаршилик кўрсатиб, уни жамоат олдида шармандаларча ёқасидан ушлаб олиб кетган. Бу ҳолат қонун ва фармон фақат қоғозда қолиб кетаётгани, аммо бажаришга келганда ҳатто ҳукумат вакиллари ҳам оқсоқланаётганлигини кўрсатади.

Энди дориларни фақат рецепт билан оламиз

Жорий йилнинг 10 декабридан бошлаб ниҳоят, Ўзбекистонда ҳам шифокор рецептисиз дори сотиш тақиқланди ва DMED электрон рецепт тизими ишга туширилди. Томдан тараша тушгандек, қабул қилинадиган баъзи бир қарор ва ўзгартиришлар сингари бу ҳам нафақат одамларда, балки соҳа вакилларида ҳам норозиликларни келтириб чиқарди. Бошида масъуллар томонидан осонгина қилиб шифокор DMED орқали рецепт ёзади, бемор эса ID ёки QR-код билан дорихонадан дори олади, деб тушунтирилди.  Аммо “гапда осон, аммалда қийин” деганлар ҳам кам эмас.

Аҳоли орасида “оддий шамоллаш учун ҳам шифокорга боришим шартми, етмагандай битта рецепт деб фалон пулли шифокор қабулига кираманми?” каби саволлар кўпайди. Бу эътирозларни инкор этиб бўлмайди.

Расмий маълумотларга кўра, антибиотиклар, гормонал препаратлар, психотроп воситалар ва “рецепт бўйича” деб кўрсатилган исталган дорилар фақат рецепт асосида сотилади. Шу билан бирга аҳоли эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, 1846 турдаги рецепциз бериладиган дорилар рўйхати малум қилинди. Буларга 25 турдаги аллергияга қарши воситалар, 63 турдаги шамоллаш ва ЎРВ касалликларини даволаш воситалари, 10 турдаги жиғилдон қайнашини тўхтатувчилар, 71 турдаги витаминлар ва поливитаминлар, 47 турдаги суртмалар, 55 турдаги оғриқ қолдирувчи ва иситма туширувчилар, 118 турдаги антисептиклар киради.

Янги тизимнинг афзаллигидан бири, рецептни сохталаштириб бўлмайди – шифокор, клиника ва дорихона маълумотлари автоматик тарзда қайд этилади. Шу билан бирга, электрон рецепт билан фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган препаратлар берилса, фармацевтлар препаратнинг серияси, тугаш муддати ва партиясини тизимга киритиши керак. Шифокорлар эса препаратларнинг ҳаракати ҳақида онлайн кузатиш имконига эга бўлади.

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёровнинг “Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича қабул қилинган ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифаларнинг ижроси тўғрисида”ги ахбороти эшитилди. Йиғилишда, вазир депутатларнинг янги тизим юзасидан келиб чиққан саволларига жавоб берди. Унинг маълум қилишича, 2025 йилнинг ўзида дори воситаларини шифокор тавсиясисиз қабул қилиш оқибатида 24 мингдан ортиқ мурожаат қайд этилган. Шундан 418 ҳолатда анафилактик шок, 7,017 ҳолатда эса дори билан заҳарланиш ташхиси қўйилган. Шунингдек, дори воситалари орқали ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Жорий ҳисобот даврида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига 2 500 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 1 500 нафари айнан дори қабул қилиш орқали жонига қасд қилишга уринган.

Соғлиқни сақлаш тизмидаги ушбу ўзгаришдан аҳоли орасидан юзага келган тушунмовчиликларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров кескин танқид қилиб, “Халқимиз билимли бўлишни, бой бўлишни хоҳлайди, лекин ўқишни хоҳламайди. Худди шундай, соғлом бўлишни хоҳлайди, лекин соғлом бўлиш учун қилиш зарур бўлган ҳаракатларни қилмайди” деб айтди.

Маълумот учун, “Электрон рецепт” тизими Тошкент шаҳри ва норматив ҳужжатлар билан белгиланган 15 та туманда жорий этилган. Тизимни бутун республика бўйлаб кенгайтириш 2026 йил охиригача босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.

Бир йил давомида қабул қилинган қарорлар шуни кўрсатдики, муаммо қарор чиқаришда эмас, уни бажаришда. Электрон тизимлар жорий этилди, фармонлар имзоланди, аммо уларнинг реал ҳаётдаги таъсири ҳар доим ҳам кутилганидек бўлмади.  

Экологик вазият жиддий: тизимдаги муаммолар фақат ҳаво ифлосланиб, нафас олиш учун тоза ҳаво қолмаган пайтлардагина эсга олинади. Қолган вақтларда эса, айрим ҳокимлар ва мансабдор шахслар кайфиятига қараб, дарахтлар илдизи билан қириб ташланмоқда. Аҳоли эса доимгидек ўзгариш ва янги тизимларга кўникишга мажбур.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг