“Мен буни бошқа даражада ҳал қиламан”. Песковнинг ўғли армияга қўшилишдан бош тортди
Олам
−
22 Сентябрь 2022
14706Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг ўғли Николай Украинадаги урушга кўнгилли сифатида бориш ниятида эмас. Бу ҳақда у ўзига Мудофаа бўлими ходими сифатида қўнғироқ қилган Россиянинг “Оммавий сиёсат” кўрсатуви бошловчиси Дмитрий Низовцевга жонли эфир вақтида маълум қилди.
Бошловчи Дмитрий Низовцев россиялик депутатлар, амалдорлар ва ишбилармонларнинг фарзандларига қўнғироқ қилиб, уларни чақирув комиссиясига келишга таклиф қилган.
Низовцев ҳарбий комиссар ролида Песковнинг ўғли Николайга қўнғироқ қилган. Бошловчи унга чақирув қоғози жўнатилганини айтиб, эртага эрталаб соат 10:00 да Москва ҳарбий комиссиясига тиббий кўрикдан ўтиш учун келишни таклиф қилган.
“Эрталаб соат 10:00 да, албатта, эртага бормайман. Агар мен жаноб Песков эканлигимни билсангиз, у ерда бўлишим қанчалик тўғри эмаслигини тушунишингиз керак. Қисқаси, мен буни бошқа даражада ҳал қиламан”, дейди Песковнинг ўғли.
Ундан қайси даража ҳақида гапираётганига ойдинлик киритиш сўралганда, у нима бўлаётганини ва унинг қандай ҳуқуқлари борлигини тушуниши кераклигини айтган.
Шунингдек, Николай Песков ҳарбий комиссияга келишдан олдин маслаҳатлашишини ва унга нима дейишса, шундай йўл тутишини айтган. Сиёсатчининг ўғли уни кўнгилли сифатида қайд этмасликни сўраган.
Песков ўғлининг чақирув комиссиясига келишдан бош тортишини унинг сўзлари контекстдан юлиб олингани билан изоҳлаган.
Маълумот ўрнида, Николай Дмитрий Песковнинг биринчи турмушидан ўғли. У 32 ёшда. 2010-2012 йилларда у ракета қўшинларида хизмат қилган. Армияда хизмат қилганидан сўнг, у бир мунча вақт “Russia Today”нинг мухбири бўлиб ишлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра биринчи босқичда 300 минг Россия фуқароси фронтга боради. Сафарбарлик ҳақидаги қарордан кейин Россия бўйлаб норозилик намойишлари авж олди. Ҳозиргача 1000 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.
LiveБарчаси