Мелони Украинага 24 соат ичида ёрдам кўрсатиш режасини таклиф қилди
Олам
−
21 Август 2025 6029 4 дақиқа
Европа раҳбарлари Киев учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилмоқда. Унга кўра, агар Россия яна ҳужум қилса, Украина иттифоқчилари 24 соат ичида унга ёрдам кўрсатиш бўйича қарор қабул қилишга мажбур бўлади. Бу ҳақда кеча, 20 август куни “Bloomberg” агентлиги ёзди ва таклиф муаллифи сифатида Италия Бош вазири Жоржия Мелонини кўрсатди.
“Гарчи “НАТО-лайт” варианти Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасида назарда тутилган коллектив мудофаа мажбуриятларига мос келмаса-да, у Украина билан икки томонлама келишув тузган давлатларни ҳужум ҳолатида жавоб чоралари бўйича тез келишишга мажбур қилади”, деб ёзади агентлик манбаларига таяниб.
Уларга кўра, чоралар ичига Киевга тезкор ва барқарор мудофаа ёрдами кўрсатиш, Украина армиясини мустаҳкамлаш, иқтисодий кўмак бериш, шунингдек, Россияга қарши янги санкциялар киритиш киради. Бироқ ҳозирча бу режа айрим Европа мамлакатлари томонидан Украинага қўшин юборишни назарда тутадими-йўқми, ноаниқ.
Италия Мудофаа вазири Гвидо Крозетто “La Repubblica“ газетасига берган баёнотида, Мелони ғоясининг моҳияти “НАТО каби мудофаа иттифоқи Украина каби хорижий давлатни ҳимоя қила олишида” эканини айтиб ўтди.
“Альтернатив тариқада айрим мамлакатлар ҳам бу каби мажбуриятни ўз зиммасига олиши мумкин. Энг мақбул механизм вақт ўтиши билан танланади. Шубҳасиз, НАТО иштирок этса, салоҳиятлироқ тўсқинлик кафолатланади”, деди Крозетто.
Жоржия Мелони 16 август куни Аляскада ўтган саммит якунида “НАТОнинг 5-моддасидан илҳомланган италянча хавфсизлик кафолатлари ғояси” ҳақида гапирган эди. AFP ва “Reuters” агентликлари Украина дипломатик манбаларига таяниб, Киев Вашингтондан “НАТОга аъзо бўлмасдан ҳам, 5-моддага ўхшаш хавфсизлик кафолатлари” бўйича таклиф олганини хабар қилди. Гўёки бу таклиф Путин билан келишилган.
Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак 20 август куни X ижтимоий тармоғида Киев иттифоқчилари билан “хавфсизлик кафолатларининг ҳарбий жиҳати устида фаол иш бошлаганини” ёзди. Ермакнинг таъкидлашича, у Вашингтондан қайтиши биланоқ Германия, Италия, Франция, Буюк Британия, Финляндия, шунингдек, ЕИ ва НАТО миллий хавфсизлик маслаҳатчилари билан телефон орқали мувофиқлаштирувчи суҳбат ўтказган.
“Ҳаммаси аниқ ва самарали бўлиши шарт, шунда Россия агрессияси такрорланмайди. Биз “Будапешт” хатосини ва ўн йиллаб давом этган декларатив баёнотларни унутмаганмиз.
Шунингдек, агар Россия урушни чўзиш ва икки ёки уч томонлама учрашувлар бўйича келишувларни бузишда давом этса, зарур чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқмоқдамиз. Украина урушни адолатли тугатишга оид ҳар қандай мулоқот форматига тайёр ва биз Президент Трампга, Америка ҳамда Европадаги барча дўстларга ёрдами учун миннатдорлик билдирамиз. Россияликлар ё зарур қадамларни ташлайди, ёки бутун дунёдан чинакам оғриқли босимга дуч келади”, деди Ермак.
АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс 20 август куни “Fox News” телеканалига берган интервьюсида:
“Украина хавфсизлигини таъминлашда асосий юк Европанинг зиммасига тушиши керак, АҚШникига эмас. Бу қандай шаклда бўлишидан қатъи назар. Бу уларнинг қитъаси, бу уларнинг хавфсизлиги”, дея таъкидлади.
“Politico” маълумотига кўра, АҚШ Мудофаа вазирлиги сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Элбридж Колби НАТО маслаҳатлари жараёнида иттифоқчиларни Вашингтон Украина хавфсизлик кафолатларини таъминлашда минимал иштирок этишини олдиндан огоҳлантирган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп 18 август куни Вашингтонда Зеленский билан музокаралар пайтида АҚШ Россия-Украина уруши тугашидан кейин тузиладиган тинчлик келишуви доирасида хавфсизлик кафолатларини тақдим этишини билдирди. Америкалик етакчининг таъкидлашича, гарчи Европа давлатлари “биринчи мудофаа чизиғи” бўлса-да, АҚШ ҳам уларга “хавфсизлик масалаларида жуда катта ёрдам бермоқчи”. У Америка қўшинларини Украинага юборишни истисно этди, аммо иттифоқчиларни ҳаводан қўллаб-қувватлаш мумкинлигини билдирди.
19 август куни Трамп яна бир баёнот бериб, Киев НАТОга аъзо бўлиш ва 2014 йилда Россия аннексия қилган Қримни қайтариб олиш умидидан воз кечиши кераклигини айтиб ўтди.
“Бу икки вариантнинг иложи йўқ”, деди у.
“Bloomberg” маълумотларига кўра, Европа етакчилари 19 август куни онлайн йиғилишда Киев ва Москва ўртасида бўлиши мумкин бўлган тинчлик шартномасини таъминлаш учун Буюк Британия ва Франция қўшинларини Украинага юбориш режасини муҳокама қилган. Манбаларга кўра, Буюк Британия ва Франция билан бир қаторда яна 10 тага яқин давлат бундай миссияда қатнашишга тайёрлигини билдирган.