Мексика АҚШга 26 нафар йирик наркобаронни топширди

Олам

image

Мексика ҳукумати АҚШга 26 нафар энг хавфли наркотик савдогарларини экстрадиция қилди. Улар орасида дунёдаги энг йирик жиноят тузилмаларидан бири бўлган “Jalisco Nueva Generación” (CJNG) ва “Sinaloа” картеллари раҳбарлари, шунингдек, обрўли “Los Cuinis” гуруҳи етакчиси Абигаэль Гонсалес Валенсия ҳам бор. Бу ҳақда “Axios” портали хабар берди.

Бу шахслар тонналаб кокаин, метамфетамин ва бошқа наркотикларни контрабанда қилиш, одам ўғирлаш, одам савдоси ва кўплаб қотилликларда айбланмоқда. АҚШ прокурорларига кўра, улар фаолияти давомида минглаб одамларнинг ўлимига бевосита ёки билвосита сабаб бўлган. Деярли барчасига умрбод қамоқ жазоси таҳдид қилмоқда.

Бу Трампнинг иккинчи президентлик муддати давридаги иккинчи йирик экстрадициядир: 2025 йил февраль ойида ҳам Мексика 29 та наркотик савдогарини АҚШга берган эди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп картелларни “миллий хавфсизликка энг катта таҳдид” деб атаб, уларни бутунлай йўқ қилишга ваъда берган. Вашингтонда ҳатто картелларга қарши ҳарбий операция ўтказиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Мексика эса бундай ҳарбий аралашувни қатъиян рад этган бўлса-да, икки давлат ҳозирда наркотиклар ва қуролларга қарши кенг қамровли ҳамкорлик келишуви бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Мексикадаги картель зўравонлиги оқибатида ҳалок бўлганлар сони, расмий маълумотларга кўра, 450 минг кишига яқинлашган, бу эса мамлакат тарихидаги энг йирик ижтимоий фожиалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Жаҳонгир Болтабоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Мексика наркобарон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг