156 нафар ўзбекистонлик Суриядан қандай қутқарилди? “Меҳр” операцияси тафсилотлари очиқланади (видео)
Жамият
−
12 Сентябрь 2019
16128Ўзбекистон тарихида ўтказилган илк гуманитар операция – “Меҳр” тўғрисида ҳужжатли фильм намойиш қилинади.
Операция ортида ким турган эди? Шавкат Мирзиёев уни ишлаб чиқишга қачон буйруқ берганди? Буларнинг бари “Меҳр” гуманитар операцияси ҳақидаги ҳужжатли фильмда айтиб ўтилади. Ушбу фильмда, телевидениеда биринчи марта “Ал-Ҳол” масканида тасвирга олинган тезкор кадрларни кўрсатилади. Фуқароларнинг қайтарилишини ташкил этган махсус гуруҳ раҳбари билан суҳбат тақдим этилади ҳамда уларнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот берилади.
Фильм эртага, 13 сентябрь куни соат 20:20 да “Ўзбекистон 24” телекаканалида намойиш қилинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 май куни махсус рейс билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларда қолиб кетган 156 нафар ўзбекистонлик Ватанга қайтарилганди.
Уларни қайтариш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти кўрсатмаси билан мамлакат тарихида илк махсус “Меҳр” гуманитар операцияси ўтказилди.
Ўзбекистон Президенти Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёев “Меҳр” операцияси ҳақида сўзлаб қуйидагиларни айтиб ўтди:
“Суриядан 156 кишини Ўзбекистонга қайтаришнинг ўзи бўлгани йўқ. Биз уларни катта азоб билан ортга қайтардик. Сурияга жўнатган самолётимизни йўлдан қайтаришди. Шахсан менга самолётдагилар қўнғироқ қилиб, бизни уриб туширишмоқчи, нима қилайлик, дейишди. Кейин Озарбайжонга қўниш бўйича кўрсатма бердим.
У ердаги аёлларни махсус ҳудудга олиб келиш учун бешта автобус юборгандик. Фақат иккитаси ортга қайтди. Аёлларнинг кўпчилигини беришмади.
Бу аёллар нима сабабдан Сурияга бориб қолган? Парламентдан бу мавзуда, улар билан ишлаш бўйича таклифлар кутгандим. Лекин ҳеч кимдан ҳеч қанақа гап чиққани йўқ”.
Қайтарилган ўзбекистонликларни асосан хотин-қизлар, болалар, бевалар ва етимлар ташкил қилди.