МДҲ давлатлари раҳбарлари қандай ҳужжатлар имзолади?

Олам

image

Қозоғистон пойтахъти Остонадаги саммит якунлари бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари раҳбарлари қатор ҳужжатларни имзоладилар. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди тор доирадаги учрашув якунлари бўйича маълум қилди. Хусусан, президентлар иккита халқаро шартнома имзоладилар.

“Бу МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг маслаҳат кенгашини шакллантириш тўғрисидаги келишув ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим”, деди Тлеуберди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари томонидан иқлим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот имзоланган бўлиб, унда МДҲ давлатларининг иқлим кун тартиби бўйича биргаликдаги ҳаракатлари муҳимлиги таъкидланган.

“Давлат раҳбарлари 2023-2025 йилларга мўлжалланган терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастурини тасдиқладилар. Қозоғистон Президенти ташаббуси билан МДҲда кузатувчи ва шерик мақомларини белгилаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ишлари бошланади. Бу бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларни Ҳамдўстлик фаолиятига жалб қилиш имконини беради”, дейди Тлеуберди.

Шунингдек, қуйидагилар қабул қилинди:

•    МДҲнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси тўғрисидаги янги низом;
•    Сергей Лебедевни 2023 йил 1 январдан бошлаб уч йиллик муддатга МДҲ Бош котиби этиб тайинлаш тўғрисидаги қарор;
•    МДҲга раисликни келаси йил Қирғизистонга ўтказиш ва ташкилотнинг навбатдаги саммитини Бишкекда ўтказиш тўғрисида қарор.

Қозоғистон ТИВ раҳбари имзоланган ҳужжатлар сонига аниқлик киритмаган. Бироқ рус нашрларининг ёзишича, МДҲ саммитида жами 18 та ҳужжат имзоланган.

Аввалроқ МДҲ ижроия қўмитаси раиси, ижрочи котиб Сергей Лебедев саммитда давлатлараро кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 10 та ҳужжат имзоланиши режалаштирилганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг