МДҲ давлатлар сунъий интеллектдан фойдаланиш борасида фикр алмашди
Олам
−
08 Декабрь 2023
4013Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакатлар вакиллари ташқи сиёсатни ахборот билан таъминлаш воситаси сифатида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Минскда МДҲ Ижроия қўмитасида Ҳамдўстлик давлатлари дипломатик департаментлари ахборот хизматлари томонидан ўтказилган маслаҳатлашувлар якунлари бўйича Беларусь ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
“Учрашувнинг алоҳида мавзуси ташқи сиёсатни ахборот билан таъминлашнинг янги воситалари, жумладан, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўлди”, дейилади хабарда.
7 ва 8 декабрь кунлари бўлиб ўтган маслаҳатлашувлар чоғида Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон дипломатик департаментлари, МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари, шунингдек, Тожикистон ва Туркманистоннинг Минскдаги элчихоналари дипломатлари геосиёсий кескинлик шароитида ташқи сиёсатни ахборот билан таъминлаш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш масалалари юзасидан фикр ва амалий тажриба алмашган.
Ахборот билан ишлаш воситалари ва усулларини такомиллаштириш, шунингдек, МДҲ минтақаси ташқи сиёсат идораларининг бу борадаги ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш имкониятлари муҳокама қилинган.
“Маслаҳат иштирокчилари яқин ижобий ҳамкорликни, қолаверса, ахборот соҳасида мунтазам фикр ва тажриба алмашиш амалиётини давом эттиришга келишиб олди”, дейилади Беларусь ТИВ хабарида.