McDonald‘s Қозоғистонни тарк этмоқчи
Олам
−
05 Январь 2023
5426McDonald‘s Қозоғистондан бутунлай чиқиб кетишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бунга McDonald‘s компаниясининг таъминот занжиридаги узилиш ҳамда Қозоғистондаги ресторанлар Россиядан гўшт сотиб ололмаётгани сабаб бўлган.
“Қозоғистон бизнеси Москвага қарши санкцияларга учрамаган бўлсада, Россияни тарк этган McDonald‘s компанияси ўзининг қозоғистонлик франшизаcига россиялик етказиб берувчилардан гўштли қийма сотиб олишни тақиқлади”, дейилади хабарда.
Қозоғистонда ёпилаётган McDonald‘s ўрнини “Вкусно-и Точка” фастфуд ресторанлари тармоғи эгаллаши мумкинлиги айтилмоқда.
Маълумот учун, McDonald‘s Қозоғистоннинг Олмаота, Остона, Атирау, Ақтўбе, Қўстанай, Қарағанда шаҳарларида 24 та ресторанга эга. Мамлакатнинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қариндоши Қайрат Бўранбаев 2016 йилда Қозоғистонга тез овқатланиш тармоғини олиб кирган. Шунингдек, Бўранбаев Беларусдаги McDonald‘s франшизасига эгалик қилар эди. Бироқ франшиза ўтган йили таъминот масалалари бўйича лицензиясини йўқотди.
Озода Чориева
LiveБарчаси