Майитларга тўлган Туркия. Қурбонлар 40 мингдан ошди
Олам
−
18 Февраль 2023 11091 1 дақиқа
Туркияда содир бўлган аср фалокати – икки вайронкор зилзила оқибатида қурбон бўлганлар 40 642 кишига етди. Бу ҳақда Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бошқармаси (AFAD) раҳбари Юнус Сезер бугун, 18 февраль куни Анқарада ўтказилган брифингда маълум қилди.
Унга кўра, офат ҳудудида қидирув-қутқарув ишларини эртага, 19 февраль якунлаш режалаштирилган.
Сезер, ер силкинишидан зарар кўрган вилоятларнинг уй-жой фондининг 50 фоиздан ортиғи ҳолатини кузатиш якунланганини айтди.
AFAD раҳбарининг таъкидлашича, фақат ўзи бошқарган бўлим орқали 430 мингдан ортиқ одам офат зонасидан эвакуация қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркияда 7 баллдан ортиқ (маҳаллий вақт билан соат 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл) бўлган иккита зилзила содир бўлди.
Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик миллий мотам эълон қилди. Туркия давлат байроқлари бутун мамлакат бўйлаб яримга ҳилпиратилди.
Вайронкор зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилди.
Live
Барчаси