Масжидлар эшиги тагида нега Ички ишлар ходимлари туради?

Интервью

image

Маълумки, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 2 мингдан ортиқ жоме масжидлариги кираверишда Ички ишлар органи ходимларига кўзимиз тушади. Бу эса ижтимоий тармоқларда, халқаро оммавий ахборот воситаларида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлади. Мазкур ҳолатни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – муфтий Усмонхон Алимов ўзи билан ўтказилган суҳбатда қуйидагича изоҳлади.  

“Дин ва эътиқод масаласи инсон маънавиятининг ажралмас қисми бўлиб, улар кеча ёки бугун пайдо бўлган тушунчалар эмас. Ҳар бир замон ҳамда  маконда дин ва эътиқод каби ўта ҳассос туйғуларга дахл қиладиган кучлар, уларни турлича талқин этадиган шахслар учраб туради. Мамлакатимизда дин ва эътиқод бобида яратилган шарт-шароитларни, мусулмонларга берилаётган имкониятларни ғаразли мақсадда талқин қилаётганларга шу жиҳатдан баҳо берган маъқул.

Интернетдаги баъзи ахборот манбаларида масжидларимиз атрофида ички ишлар идоралари ходимларининг туриши намозхонларнинг диний арконларини эмин-эркин бажаришига тўсқинлик сифатида баҳолангани ҳақиқатга қанчалик мос? Ушбу ҳолатга виждонан ёндашсак, холис назар билан қарасак, бу аксинча, ибодат қилувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга, хотиржамликка хизмат қилаётганини англашимиз қийин эмас. Ёки баъзи юртдошларимизнинг диний қарашлари учун босим остида қолаётгани ҳақидаги уйдирмаларни олайлик. Бугун юртимизда билиб-билмай адашган, турли алдов ва фириблар қурбони бўлган инсонлар ҳам авф этилиб, уларга бағрикенглик кўрсатилаётганини ким билмайди?! Президентимиз ташаббуси билан ҳатто 156 нафар ўзбекистонлик аёл ва боланинг Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ўчоғидан Ватанимизга қайтарилганини жаҳон афкор оммаси юксак инсонпарварлик намунаси сифатида эътироф этди. Диний қарашлари туфайли “қора рўйхат”га киритилган минглаб юртдошларимиз бугун эмин-эркин. Уларни “Сен рўйхатдасан, нима қиляпсан?”, деб ҳеч ким безовта қилаётгани йўқ. Бугун уларнинг олдига бораётганлар ҳам назорат учун эмас, яхши ниятда, “Нима камчилиги бор экан, қандай ёрдамимиз тегаркан?”, деган ўйда бормоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, уларнинг иссиқхоналар қуриши, ишга жойлашиши, жамиятда ўз ўрнини топиши, маҳалла билан аралашиб кетишига кўмаклашиляпти”.

Усмонхон Алимов яқинда Ўзбекистон Республикаси делегацияси билан бирга АҚШ пойтахтида бўлиб қайтди. У АҚШ давлат департаменти, АҚШ Тинчлик инстутити, Хельсинки комиссияси раҳбарияти, АҚШ сенати аъзолари, АҚШ Президенти ёрдамчисининг ўринбосари, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кёртис, АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Дейл Браунбек билан мулоқот ўтказган. Учрашувларда Ўзбекистонда диний эркинликлар, инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ютуқлар ҳақида сўзлаб берган. 

Муфтий айни вақтда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қайта тайёрланаётганини айтди. 

“Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни тайёрлашда фаол иштирок этмоқдалар. Уламолар ўзларининг аниқ ва асослантирилган таклифларини тақдим этдилар ҳамда улар қонун лойиҳасига киритилди.

Бу борадаги ишларимиз мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада кучайтиришга хизмат қилишига ишонамиз”, дейди Усмонхон Алимов.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Усмонхон Алимов

Баҳолаганлар

89

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг