Масс-медиа фонди ОАВни молиявий томондан “ўлдирадиган” қонун бўйича баёнот берди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳаси миллий ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу лойиҳа концептуал нуқтаи назардан илк кўриб чиқишдаёқ депутатларнинг 98,4 фоизи томонидан маъқулланган. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

“Реклама хусусий ОАВ фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбаи ҳисобланади. Шубҳасиз, ушбу қонунлойиҳасини ҳозирда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган шаклда қабул қилиш мамлакатнинг бутун медиа бозори молиявий  барқарорлигига тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказади ва телерадиоканаллар ўз йиллик даромадидан миллиардлаб сўм йўқотишига олиб келади.

Хусусан, лойиҳада товарларнинг такрорий рекламасини бир блокда жойлаштиришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Бир маҳсулот учун рекламаларни битта реклама блокида жойлаштириш амалиёти бутун дунёда қўлланилади ва кўпинча бу амалиётга йирик халқаро реклама берувчилар (инвесторлар) мурожаат қилади.

Масалан, аксарият компаниялар бутун дунё бўйлаб имидж рекламасини ўтаказиш билан бир вақтнинг ўзида алоҳида бозор акцияларини фаоллаштириш учун ҳам реклама тарғиб қилади. Шу ўринда, реклама роликлари, уларнинг моҳияти ва мақсади ҳар хил бўлиши мумкин, аммо маҳсулот бир ва маркетинг стратегиясига кўра, уларни битта реклама блокига жойлаш мумкин”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, Фонд баёнотида кўплаб хорижий мамлакатлар телерадиоканалларида реклама вақтини чеклашлар мавжуд эмаслиги қайд этиб ўтилган.

“Рекламанинг умумий ҳажми бир соатлик эфир вақтининг 15 фоизидан ва кунлик ефир вақтининг 10 фоизидан ошмаслиги кераклигини белгилаш таклиф қилинмоқда. Хорижий амалиётни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, АҚШ, Япония, Жанубий Корея сингари кўплаб мамлакатлар телерадиоканалларида реклама вақтини чеклашлар мавжуд эмас. Европа иттифоқи, Марказий Осиё, Индонезия, Озарбайжон, Беларусь каби бир қатор мамлакатларда реклама телерадиоканаллари кунлик эфир вақтининг 20–25 фоизидан ошмаслиги керак экан.

Қонунда унинг таъсир доираларини аниқлаш муҳим. Масалан, ОАВ сайлов олдидан номзодларнинг тарғибот ва бошқа турдаги реклама материалларини эфирга узатишга ва ўз саҳифаларида жойлашга мажбур бўлади. Бундай ҳолда, ушбу роликларнинг ҳажми реклама учун ажратилган умумий эфир вақтидан ҳисобланмаслиги керак.

Фонд 30 дақиқа давом этадиган телерадиодастурларда ОАВ таҳририятларига лойиҳада кўрсатилган 3 дақиқа ўрнига 5 дақиқалик реклама блокини жойлаштиришга рухсат берилиши керак, деб ҳисоблайди. Ишончимиз комилки, ҳеч бир ОАВ таҳририяти томошабинлар сонини йўқотиб, уларнинг қизиқишларига зарар келтирадиган реклама блокларини шакллантиришга йўл қўймайди.

Маълум бир товар ва хизматларнинг ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, шахсий гигиена воситалари, тиббий хизматлар, шунингдек, она сути ўрнини босувчи ёрмалар каби озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига тақиқнинг заруриятини янада чуқурроқ ўрганиш керак.

Ҳозирда реклама берувчиларни жалб қилишда қийналаётган босма ОАВлар ҳам чекланган реклама ҳажмидан сезиларли зарар кўради.

Бунинг оқибатида Ўзбекистонда реклама учун талаб бозорда мавжуд бўлган миллий телерадиоканаллар таклифидан анча юқори бўлиши юзага келади. Натижада эса реклама берувчилар сунъий равишда чет эл телеканаллари ва хорижий Интернет платформаларига суриб қўйилади, уларнинг даромадлари эса Ўзбекистон иқтисодиётига кирмайди ва бизда солиқ солинмайди”, деб ёзилган Фонд баёнотида.

Ёзилишича, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ҳаддан ташқари юқори жарималар қўлланилиши жамоатчилик орасида норозиликка сабаб бўлмоқда.

Март ойида Фонд ушбу қонун лойиҳасининг асосий ташаббускори ва ишлаб чиқувчиси бўлган Монополияга қарши курашиш қўмитасига ушбу қонун ҳужжатининг қабул қилиниши натижасида юзага келадиган салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилган таклиф ва тавсияларини юборган. Бироқ, ушбу таклифлар парламент муҳокамасига тақдим этилган лойиҳада акс эттирилмаган.

Қайд этилишича, Фонд парламентнинг “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янги таҳрирда муҳокама қилиш ва янада ривожлантиришга барча манфаатдор томонларни, авваламбор, оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Агар жоиз бўлса, Фонд лойиҳанинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бу каби муҳокамасининг ташкил этилишида ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мазкур қонун қабул қилинганига муносабат билдириб, уни матбуотга жиддий молиявий зарар келтириши мумкин бўлган ҳужжат деб баҳолаганди.

Кейинчалик ушбу қонун лойиҳаси бўйича “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам ўз фикрларини билдириб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг