Маск яқин келажакда Марсда мустақил цивилизация қурмоқчи

Олам

image

SpaceX компанияси 20-30 йил ичида Марсда ҳеч қандай Ер ёрдамисиз яшай оладиган цивилизация яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания раҳбари Илон Маск “Fox News” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Биз Марсга боришни хоҳлаганларнинг барчасини юборишни ва охир-оқибат у ерда ўзини тўлиқ таъминлай оладиган цивилизация қуришни истаймиз. Бу компаниянинг узоқ муддатли мақсади – ҳаётни бир нечта сайёраларга ёйиш. Ўйлайманки, буни 20-30 йил ичида амалга ошира оламиз”, дейди Маск.

15 март куни Маск 2026 йил охирида Starship космик кемаси Марсга Optimus инсонсимон роботи билан учирилишини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, агар робот билан парвозлар муваффақиятли ўтса, 2029 йилда Марсга одамларни юбориш режалаштирилмоқда.

Компаниянинг режасига кўра, Starship космик тизими универсал бўлиб, у турли версияларда Ер орбитасига одамларни учириш, сунъий йўлдошларни чиқариш, Ой ва Марсга ҳамда бошқа узоқ осмон жисмларига миссияларни амалга ошириш учун ишлатилади. Super Heavy кўп марталик тезлаткич ва Starship кемаси Ерга вертикал қўниши назарда тутилган.

Ҳозирги лойиҳа бўйича, бутун космик тизимнинг умумий баландлиги 121 метрни (шундан кема – 50 м, тезлаткич – 71 м), диаметри эса 9 метрни ташкил этади. Юк кўтариш қуввати 100-150 тонна бўлиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миллиардер Илон Маск xAI компанияси томонидан ишлаб чиқилган Ер юзидаги “энг ақлли сунъий интеллект” – Grok 3’ни тақдим этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Маск цивилизация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг