Маск Украина ҳарбийлари учун Starlink алоқасини секинлаштиришга буйруқ берган – WSJ
Олам
−
11:24 1182 3 дақиқа
Америкалик миллиардер Илон Маск Украина ҳарбийлари фойдаланаётган Starlink алоқа тизими тезлигини пасайтиришга буйруқ берган. Бу қарор Киевда саросима, Дональд Трамп маъмуриятида эса тушунмовчилик келтириб чиқарган. Бу ҳақда АҚШ расмийлари ва вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрга кўра, Маскнинг бу қарори Украина Қуролли кучларининг ўрта масофага зарба беришга мўлжалланган дронлари ва Россия ракеталарини тутиб қолувчи дронлардан фойдаланиш имкониятини чеклаган. Украина ҳарбийлари ушбу учувчисиз аппаратларга оддий Starlink’га қараганда яхшироқ ҳимояланган ва юқорироқ тезликни таъминлайдиган Starshield терминалларини ўрнатади.
“The Wall Street Journal”нинг қайд этишича, бу воқеа Маскнинг уруш боришига таъсир кўрсатиш имконияти қанчалик катта эканини намоён қилган.
“У бир тугмани босиш орқали ҳалокатли можаро йўналишини ўзгартириши мумкин”, деб ёзган нашр.
Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг алоқа хизматлари чекловларсиз тикланмаса, украиналиклар ҳалок бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти Трамп маъмуриятида тушунмовчилик келтириб чиқарган ва Оқ уйни вазият юзасидан норасмий текширув бошлашга ундаган.
Газета манбаларидан икки нафари айтишича, Starlink тезлиги чеклангани ҳақидаги маълумотлар оммага ошкор бўлганидан кўп ўтмай, Маск ва Трамп телефон орқали вазиятни муҳокама қилган. Манбалардан бири улар чеклов жорий этилишидан олдин ҳам бу масалада гаплашганини айтган.
Айрим америкалик расмийлар Маск мустақил ҳаракат қилгани ва Трамп Украинага қарши муайян чоралар кўришни буюрмаганини билдирган. Бироқ вазиятдан хабардор бошқа бир манбанинг айтишича, Маск Starshield тезлигини пасайтиришдан олдин Трампни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, маъмуриятнинг бир нечта юқори лавозимли вакили билан суҳбатлашган.
Украина Қуролли кучлари оддий Starlink ускуналаридан кенг фойдаланади. Уларда тезлик бўйича чекловлар аввалдан мавжуд. Бироқ айрим ҳарбий бўлинмалар ҳужум амалиётларида фойдаланиш имкониятлари кенгроқ ва чекловлари камроқ бўлган Starshield тизимидан ҳам фойдалана бошлаган.
Маълумот учун, Starshield АҚШ Миллий разведка бошқармасининг молиявий иштироки билан яратилган. SpaceX уни миллий хавфсизлик мақсадлари учун махсус ишлаб чиқилган, давлат буюртмачиларига мўлжалланган ҳимояланган алоқа тизими деб таърифлайди.
Украиналиклар жорий йилнинг 14 октябридан бошлаб Starshield терминаллари ўрнатилган дронлар соатига 160 километр, айрим ҳолларда эса 60–80 километр тезликдан ошганда алоқа узилиши ёки узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар бера бошлаган.
Бу маълумотлар тарқалганидан бир неча соат ўтиб, Маск X ижтимоий тармоғида Starshield АҚШ ҳукуматига тегишли экани ва унинг назорати остида ишлашини ёзган. Унинг таъкидлашича, тизим тезлиги ёки ундан фойдаланишга оид чекловлар бўйича қарорларни АҚШ Қуролли кучлари ва якуний босқичда мамлакат президенти қабул қилади.
Жорий йилнинг 19 октябрь куни Трамп журналистларга Starlink тезлигининг пасайтирилиши учун ким жавобгар эканини билмаслигини айтган. “Лекин буни аниқлаштирмоқчиман”, деб қўшимча қилган у.
Трамп ва Маск Украина урушни тугата оладиган янги президентга муҳтожлиги ҳақида баёнот берганидан кейин Киевда Starshield имкониятларини улардан бири чеклаган бўлиши мумкин, деган шубҳа пайдо бўлган.
Зеленскийнинг баёнотлари ортидан масала можаро тусини олгач, SpaceX вакиллари Оқ уй билан боғланган. WSJ манбасига кўра, улар компания ва Трамп маъмурияти чеклов жорий этилишидан олдин ҳаракатларини мувофиқлаштиргани ҳақида қўшма баёнот тайёрлашга уринган.
Маск аввал ҳам Украина Қуролли кучларининг ўз алоқа тизимидан фойдаланишини чеклаган. 2022 йилда у Украина ҳарбийларининг Қримга зарба бериш режасини амалга оширишига йўл қўймаслик учун Starlink хизматини чеклаган. Тадбиркор кейинчалик бу қарорни Россия жавобан ядровий қурол қўллаши мумкинлигидан қўрққани билан изоҳлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Илон Маскдан Россия ичкарисига зарба бериш учун Starlink тизими билан жиҳозланган зарба берувчи дронлардан фойдаланишга рухсат олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси20 Октябрь