Маск Трамп маъмуриятида лавозим олмаслиги мумкин
Олам
−
11 Ноябрь
3482Америкалик тадбиркор Илон Маск президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трампнинг маъмуриятида лавозимга эга бўлмаслиги мумкин. Аммо у Трампнинг янги президентлик муддатига тайёргарлик жараёнига катта таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
“Маск Дональд Трампга ҳокимиятни топшириш даврида тобора катта таъсир ўтказмоқда... Унинг Трамп маъмуриятида лавозим эгаллаши кутилмаяпти ва унга бу зарур ҳам эмас. Маскнинг доимий ҳукумат лавозимини эгаллаши эҳтимолдан йироқ”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Маск Трампга қўнғироқ қилган баъзи дунё етакчилари билан суҳбатларда қатнашган, шунингдек, айрим лавозимларга номзодларни қўллаб-қувватлаган.
CNN тахминига кўра, Маск маъмурият қоидаларига риоя қилиши шарт бўлмаган, бироқ таъсир ва имкониятларга эга бўладиган қўмиталардан бирида ўрин эгаллаши мумкин.
Қайд этиш жоиз, аввалроқ Дональд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонса, ҳукумат самарадорлигини ошириш учун комиссия тузишга ваъда бериб, унга Илон Маск раҳбарлик қилишини айтган эди. Ўз ўрнида, Tesla раҳбари ҳам собиқ президент билан комиссия ҳақида суҳбатлар ўтказгани ва унда хизмат қилишдан манфаатдор бўлишини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, Трамп жорий йил 5 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида яна ғалаба қозонди ва XIX асрдан буён биринчи бўлиб тўрт йиллик танаффусдан сўнг Оқ уйга қайтган сиёсатчига айланди. Демократик партия номзоди Камола Ҳаррис тарафдорлари олдида ўз мағлубиятини тан олди ва амалдаги АҚШ Президенти Жо Байден Трамп билан суҳбатлашиб, уни ғалабаси билан табриклади.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь