Машҳур қўшиқчига 74 дарра уриладиган бўлди

Олам

−

image

Эрон апелляция суди хонанда Парасту Аҳмади ва унинг гуруҳига нисбатан чиқарилган 74 дарра уриш ҳақидаги ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Шу тариқа, хонанда ва яна етти нафар гуруҳ аъзосига нисбатан чиқарилган ҳукм якуний кучга кирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, Қум шаҳридаги апелляция суди Аҳмади ва унинг жамоаси адвокатларининг шикоятини рад этган. Суд ҳукми жорий йилнинг июнь ойида чиқарилган бўлиб, унда хонанда ва гуруҳининг саккиз нафар аъзоси 74 дарра уриш, икки йил давомида мамлакатдан чиқишни тақиқлаш ҳамда икки йил давомида бадиий ва аудиовизуал фаолият билан шуғулланишни тақиқлашга ҳукм қилинган.

Суд мазкур жазони Аҳмади 2024 йил декабрь ойида ҳижобсиз ҳолда ижро этган ва интернет орқали намойиш қилинган концерт билан боғлаган. Концертда 29 ёшли хонанда ёлғиз қўшиқ куйлаган, унинг чиқиши You Tube орқали тарқалиб, миллионлаб марта томоша қилинган. Эрон ҳукумати бу чиқишни мамлакатнинг “қонуний ва маданий меъёрлари”га зид деб баҳолаган.

Гап 2024 йил 11 декабрь куни эълон қилинган “Карвонсарой концерти” ҳақида бормоқда. Парасту Аҳмади тарихий Дейр-Гачин карвонсаройида ёзиб олинган 27 дақиқалик видеода узун қора кўйлакда, бошига ҳижоб ўрамаган ҳолда бир нечта қўшиқни ижро этган. Унинг ёнида тўрт нафар мусиқачи эркак ҳам бўлган.

Нашрга кўра, Эрон қонунчилигида аёлларнинг жамоат жойларида ҳижобсиз юриши тақиқланган. Бундан ташқари, мамлакатда аёлларнинг эркаклар иштирокидаги жамоат концертларида яккахон қўшиқ куйлашига ҳам чекловлар мавжуд. Аҳмади шу талабларни бузганликда айбланган.

Хонанда ва унинг жамоаси адвокатлари апелляция судидан ҳукмни қайта кўриб чиқишни сўраган, бироқ суд уларнинг важларини етарли эмас деб топган ва иш бўйича алоҳида мажлис ўтказмасдан ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари 74 дарра жазосини кескин қоралаган. Ҳуқуқ фаоллари бундай жазони инсон қадр-қимматини камситувчи ва “қийноқ тури” сифатида баҳолаган.

Нашрга кўра, Аҳмади ишининг янги босқичи Эронда мажбурий ҳижоб талабларига риоя қилмаётган аёлларга нисбатан босим кучайтирилаётган бир пайтга тўғри келмоқда. Мамлакатда 2022 йилдаги оммавий норозиликлардан кейин кўплаб аёллар жамоат жойларида ҳижобсиз юришни давом эттирмоқда. Шу билан бирга, Эрон суд тизими раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсини Эжейи яқинда мажбурий ҳижобга қарши чиқишларга нисбатан янги чоралар кўрилишини талаб қилган.

Аҳмади ва унинг жамоасига берилган дарра жазоси қачон ижро этилиши ҳозирча аниқ эмас.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг