Масъуллар қишлоқларга тоза сув бориши учун 4,5 млрд доллар сўрамоқда

Жамият

Аҳволимиз чатоқ: Ўзбекистоннинг сув захираси аллақачон тугаб бўлган. Ҳозир борини ишлатяпмиз. Бу сўзлар кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида “Ўзсувтаъминот” АЖ бош муҳандиси Анвар Муҳаммадалиев томонидан айтилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг сув ресурслари бугунги кунда 52-53 минг куб/кмни ташкил қилади. Аммо Ўзбекистон аҳолисининг бугунги эҳтиёжи нақ 62 минг куб/кмга тенг. Шу сабабли ўсиб бораётган мамлакат фуқароларига 6-8 минг куб/км сув етишмаслиги муаммоси мавжуд.

“Бухорони ичимлик суви билан таъминлаш учун Самарқанддан олиб келяпмиз. Бутун бошли Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятига баҳорда Мўйноқ туманида сув тўплаб олиб, шуни беряпмиз. Бизда аллақачон сув захираси қолмаган, борини ишлатяпмиз. Ерости сувлари захираси бўйича ҳам аҳволимиз чатоқ. Мана ҳозир суғориш учун қудуқ қазишга мораторий бўйича Президент қарорини тайёрладик. Зомин (Жиззах), Қўшработ (Самарқанд), Нурота (Навоий) туманларида ерости сувлари охирлаб қолган. Аҳволимиз аллақачон “критический” ҳолатда”, деди Анвар Муҳаммадалиев.

“Ўзсувтаъминот” АЖ бош муҳандисининг қўшимча қилишича, суғоришда исрофгарчиликни камайтиришимиз, ичимлик сувидан ҳам фойдаланишни тартибга солишимиз керак.

“Бу фақат “Ўзсувтаъминот” АЖнинг вазифаси эмас. Бу ҳамманинг бурчи. Бутун сув хўжалигининг, сув билан алоқадор бўлган барча соҳаларнинг қиладиган иши”, дея таъкидлади мутахассис.

Истеъмол учун сувни кўпроқ олишга мажбур бўлиш ортидан қишлоқ хўжалигига катта зарар етади. Одамларни марказлаштирилган ичимлик суви тизимига улаш кўрсаткичлари ошмоқда. Аммо тизимга уланди, қувурлар ётқизилди дегани, бу сув етиб борди, ёки тўлиқ етиб борди дегани ҳам эмас. 

Энди пул ҳақида гаплашамиз. Хўш, бутун Ўзбекистонни тўлиқ сув билан таъминлаш учун қанча маблағ керак?
Ҳозир қанча маблағ ажратиляпти, олдин қанча ажратилган эди? Ва бу пуллар ўзини оқлаяптими? Нима учун ҳалигача кўплаб қишлоқларда, баъзан марказий ҳудудларда ҳам одамлар сувни узоқдан ташиб истеъмол қилади? Улар ичадиган сувнинг сифати ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас.
Қишлоқ деганда фақат бир тупканнинг тагидаги қишлоқларни тушунманг. Ҳатто пойтахт Тошкентнинг нақ биқинидаги қишлоқларда ҳам узуоқ йиллардан буён ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар бор. Масалан бундан бир неча ой аввал бўлиб ўтган Сенатнинг 29-ялпи мажлисида сенатор Қутбиддин Бурҳонов пойтахтдан унча узоқ бўлмаган Тошкент вилоятидаги учта маҳаллада 17 йилдан буён ичимлик суви йўқлиги, одамлар бир чойнак чой қайнатиш учун ҳам сувни узоқдан олиб келишини ва бу муаммони ҳал қилиш масъуллар томонидан пайсалга солиб келинаётганини айтган эди. 17 йил-а? Бу бир боланинг туғилганидан то улғайишига довур вақт дегани. Вилоятларда эса вазият бундан-да оғир. Сарфланётган пуллар қаёққа кетяпти?

“2021 йил якуни бўйича Ўзбекистонда марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 69,7% ни ташкил қилган. 2022 йилнинг биринчи ярмига кўра, ушбу кўрсаткич 71,2 % ни ташкил қилиб, йил якунига қадар 74% га етказиш мўлжалланган”, деди Жамият матбуот котиби Акмал Муродов.


Шунингдек, “Ўзсувтаъминот” АЖ масъул ходимининг маълумот беришича, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун давлат бюджетидан ажратилаётган пуллар йилдан йилга кескин ортмоқда.

“Агарда 2013 йилга қарайдиган бўлсак, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича соҳамизга 548 млрд пул ажратилган. Бу маблағлар 2016 йилга келибгина 620 млрдга чиққан. 2022 йилда 2,5 трлн сўм маблағ ажратилган. 2021 йилда 1 трлн 900 млрдни ташкил этган. 2020 йилда эса 1,5 трлн бўлган”, деди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи Асилжон Муҳиддинов.

Бироқ бу пуллар бутун Ўзбекистонни тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун етмаётган экан. Қачон қишлоқларга сув боради?

“Бизнинг ҳозирги консепциямизга кўра, 4,5 млрд доллар керак. Ана шу маблағ ажратилса, ундан кейин қишлоқларга ҳам сув боради”, деди Анвар Муҳаммадалиев.


Гап миллионлар, миллиардлар ва триллионлар ҳақида кетмоқда. Ўзбекистонда тоза ичимлик суви етиб бормаган, сувни узоқдан ташиб келиб ичадиган аҳоли сони ҳам оз эмас. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг 9% и, 3 млн 200 мингга яқин киши ичимлик сувини узоқдан ташиб истеъмол қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 5 сентябрь куни аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишида мамлакатда 11 мингдан зиёд қишлоқлар тоза ичимлик суви билан таъминланмаганини айтган эди.

“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи Асилжон Муҳиддиновнинг маълум қилишича, 2022 йил ҳолатига кўра Ўзбекистонда жами 9314 та МФЙларнинг 3829 таси ичимлик суви бўйича тўлиқ, 3940 таси тўлиқ бўлмаган таъминотга эга бўлса,  Афсуски, республикадаги 1545 та МФЙлар марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган.


Шунингдек, “Makrotrends” халқаро тадқиқот платформасининг энг сўнгги таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ичимлик сувининг сифати йилдан йилга пасаймоқда.

Ўзбекистонда 2020 йилда тоза ичимлик суви таъминоти 58,83 фоизни ташкил этди, бу 2019 йилга нисбатан 0,01 фоизга камайганини кўрсатади.

Ўзбекистонда 2019 йилда тоза сувдан фойдаланиш даражаси 58,84 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткич ҳам 2018 йилга нисбатан 0,02 фоизга кам.

2018 йилда тоза сувдан фойдаланиш даражаси 58,86 фоизни ташкил этди, бу 2017 йилга нисбатан 0,04 фоизга камайди.

Ўзбекистонда 2017 йилда тоза сувдан фойдаланиш 58,90 фоизни ташкил этди, бу 2016 йилга нисбатан 0,02 фоизга кўп. 

Сувнинг тоза бўлмаслигида эса кўпинча унга ташланадиган чиқиндиларнинг улуши катта бўлади. Саноат корхоналарида бирламчи (локал) тозалаш ускуналари ўрнатилмаган. Шунингдек, корхоналардаги мавжуд тозалаш ускуналари ҳам талабга жавоб бермайди. Бунинг оқибатида чиқарилаётган оқова сувларнинг таркиби меъёрдан юқори зарарли бўлиб, тозалаш иншоотларининг технологик фаолиятини издан чиқармоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудлардаги экологик ҳолатга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 804-сонли қарорига асосан эндиликда, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 2023 йил 1 январдан бошлаб, меъёрдан юқори ифлосланган оқова сув ташлаётган корхоналар билан шартномани бекор қилиш белгиланган.

Сув оқова тизимларига зарарли оқоваларни чиқараётган корхоналар биргина Тошкент шаҳрининг ўзида нақ 84 та. Энг кўп сув оқова тизимига зиён етказаётган корхоналар қаторида эса “Соса-Cola Ichimligi Uzbekiston,Ltd” МЧЖ, “Toshkent Plast Polimer” МЧЖ, “Toshkent metallurgiya zavodi” каби машҳур корхоналар мавжуд.

Оқова сув хизматларини кўрсатиш соҳасидаги яна бир тизимли муаммолардан бири – бу оқова сув тизимларининг аксарият қисми ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилган бўлиб, бугунги кунда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Ҳозирда мамлакатимизда 282 та оқова сув кўтариш насос станцияларида жами 527 та насос агрегатлари мавжуд бўлиб, шундан 122 таси носоз, шунингдек, мавжуд жами 8,8 минг км оқова сув тармоқларидан 2,1 минг км (23%) таъмирталаб аҳволда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг