Марям Тилляева Ўзбекистондаги “ГАИ”лардан нолиди
Жамият
−
06 Сентябрь 2022
69051Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Марям Тилляеванинг Тошкентда ўтказган сўнги куни турли саргузаштларга бой бўлди. Уларнинг аксарияти салбий хотиралардан иборат.
Марям бувиси Татьяна Каримованинг туғилган куни ва бобоси Ислом Каримов вафот этган кун муносабати билан Тошкентда келган. Кеча, 5 сентябрь куни у яна хорижга жўнаб кетди.
У тушликка қадар бошини қаттиқ уриб олгани ва агарда мияси чайқалган бўлса қандай аломатлар содир бўлиши ҳақидаги савол билан кузатувчиларига юзланган. Шундан сўнг Марям Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон билан кўришган.
Марямнинг обуначиларига кейинги мурожаатлари видео шаклида бўлган. У ўзбек тилини ўргана бошлагани ва Тошкентдаги иссиқ об-ҳавода нафас олиб бўлмаслиги ҳақида айтган.
“Бугун менинг Тошкентдаги сўнгги куним. Мен бугун кетишимдан олдин ўзбек тили дарсига боришга қарор қилдим. Эртадан менинг ўқишим бошланади. Мен ҳали ўзимни синфимни аниқлашим керак, бошим эса қаттиқ оғрияпти, катта ғурра бўлибди, хуллас бугун кўп воқеалар содир бўлди ва менинг кайфиятим расво. Яна кўчада 40 даража иссиқ. Бу иссиқда нафас ҳам олиб бўлмайди. Кейин бизда хайрия тадбири ва суратга олиш жараёни ҳам бор. Мен аёлларга бўлган муносабатда кичик бир муаммони ёритмоқчиман”, дейди у
Марям иккинчи видеомурожаатида уларнинг автомобилини ҳар беш дақиқада ЙПХ ходимлари тўхтатаётганидан нолиган ва сўзида “Ўзбекистонда” дея урғулаган. Унинг таъкидлашича ЙПХ ходимлари маст ҳайдовчилар билан шуғулланиши керак
“Ўзбекистонда бизни ҳар беш дақиқада ГАИ (ЙПХ – таҳр.) ходимлари тўхтатяпти. Ҳар беш дақиқада! Улар рулда ўтирган маст ҳайдовчиларни тўхтатишлари керак, лекин бизни тўхтатяпти. Хуллас расво кун, расво кайфият”, деган Марям.
У машинада йўловчи ўриндиғида бўлган. Машина овози, салоннинг кўринишидан англаш мумкинки, бу автомобиль – “Mercedes-benz G 63 AMG” (Гелендваген) бўлиб, унинг Ўзбекистондаги бозор нархи комплектациясига қараб 300 000 — 400 000 $ туради. Марям instagram'га жойлаштирган “сторис”да ҳам унинг ортида айнан шундай автомобилни кўриш мумкин.
Маълумот ўрнида, Марям Тилляева Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляеванинг тўнғич қизи. Марям 1999 йилнинг 20 январь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Ўтган йили у россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиққан эди, аммо жорий йилнинг июль ойида уларнинг муносабати ўз поёнига етгани маълум бўлди.
LiveБарчаси