Март ойидаги беқарорлик: экинлар яна қор остида қоладими?

Жамият

Жорий йилнинг февраль ойи охирида ҳамда март ойи бошларида Ўзбекистон учун йилнинг бу вақтида ноодатий бўлган совуқ ҳаво ҳукм сурди ва ҳозир ҳам давом этяпти. Ноқулай об-ҳаво шароити эса қишлоқ хўжалиги экинлари ва гуллаб улгурган мевали дарахтларнинг ҳосилига зарар етказади.

Бу каби беқарор об-ҳавони олдиндан прогноз қилиш, кучли қор ёки шамолдан аҳолини барвақт огоҳлантириш Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази томонидан амалга оширилади.

Шу сабабли Ўзбекистонда ҳозир сақланиб қолаётган нисбатан салқин ҳаво қачонгача давом этиши, февраль охиридаги кутилмаган совуқнинг экинларга таъсири ҳақида маълумот олиш учун Ўзгидрометнинг Гидрометеорологик хизмат таъминоти бошқарма бошлиғи Дониёр Турғунов билан суҳбатлашдик.

Рўзимурод Бердиев, журналист: ― Ўзбекистонда беқарор об-ҳаво кузатилишининг сабаби нима?

Дониёр Турғунов, Гидрометеорологик хизмат таъминоти бошқарма бошлиғи: ― Ўзбекистонда бошқа ойларга нисбатан энг беқарор об-ҳаво ҳолати айнан март ойига тўғри келади. Бу дегани, март ойи куннинг бирдан исиб кетиши ва ана шундай тарзда совиб кетиши билан бошқа ойлардан ажралиб туради. Хусусан, март ойида атмосфера ёғинлари кўп миқдорда ёғишини доимий равишда кузатиб борамиз.

Р.Б: ― Aйни дамда март ойида совуқ об-ҳаво шароити кутиляптими?

Д.Т: ― Март ойининг ушбу ҳафтасининг охирида совуқ об-ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Хусусан, шанба куни ҳаво ҳарорати 0 даражадан пастга тушиши ва кучли ёмғирлар кузатилиши кутилмоқда. Шунингдек, жойларда ёмғир қорга айланиши мумкин. Якшанба ва душанба куни мана шундай совуқ об-ҳаво сақланиб туради. Душанбадан ҳафтанинг кейинги кунларига бориб ҳаво ҳарорати 22 даражагача илий бошлайди.

Р.Б: ― Совуқ об-ҳаво йилнинг бу вақти учун нормал ҳолат ҳисобланадими?

Д.Т: ― Боя юқорида таъкидлаб ўтдим, март ойи бу беқарор об-ҳаво кузатилиши билан ажралиб туради.  Бундай ҳолатлар олдин ҳам кузатилган. Хусусан, 1998 йил айнан март ойида атмосфера ёғинлари 9 кун давомида қор кўринишида  жуда кўп ёғган. Шу жиҳат билан олиб қарасак март ойидаги беқарор об-ҳаво ҳолати нафақат Ўзбекистон балки бутун Марказий Осиё учун хосдир.

Р.Б: ― Мамлакатимизда кузатилаётган мана шундай ноқулай об-ҳаво шароити экинларга қандай таъсир қилади?

Д.Т: ― Мана февраль охирида бўлган об-ҳавонинг кескин совиб кетиши кўп экинларимиз, хусусан, мевали дарахтларимизга зиён етказди. Бунинг сабаби шуки, февраль ойида 3 марта аномал ҳолат кузатилди. Бу аномал ҳолатлардан бири февраль ойида ҳаво ҳароратининг 23 даражагача кўтарилиб кетиши бўлди. Бу февраль ойи учун бутун 100 йилликдаги рекорд даража ва ана шунга мос равишда мевали дарахтларимиз куртак ота бошлади. Февраль ойининг охирида айнан қиш мавсумига хос об-ҳаво кузатилди.

Р.Б: ― Ҳаммамизга маълумки, қиш фасли совуқ келди. Бу ёзнинг иссиқ келишидан далолат берадими?

Д.Т: ― Биласизми, мен қиш фаслини у даражада совуқ келди деб айтмаган бўлардим. Қиш фаслида ўзига хос об-ҳаво кузатилгани билан ажралиб турди. Хусусан, январь ойидаги аномал ҳолатлар, яъни куннинг меъёридан 7, 9 даражагача юқори ҳолатда исиб кетиши ёки совиб кетиши қайд этилди. Ўтган қиш фасли олдинги қиш фаслининг ҳолатлари билан солиштирилганда нормал ҳолатда ўтди. Қишнинг ҳолатига қараб ёзнинг қандай келишини узоқ муддатли прогнозлаш амалиёти ҳозирда йўқ. Узоқ муддатли прогнозлар одатда кўпи билан бир ой учун берилади.

Р.Б: ― Хабарингиз бор, глобал исиш бутун дунёда кузатилаётган жараён ҳисобланади. Ўзбекистон 2021 йилнинг иссиқ об-ҳавосига қанчалик тайёр?

Д.Т: ― Биласизми, иқлим ўзгаришини кўпгина мутахассисларимиз глобал исиш билан ифодаламоқда. Иқлим ўзгариши нафақат глобал исиш билан белгиланади, балки, атмосферадаги жараёнларнинг ўзгаришини ҳам ифодалаши мумкин. Хусусан, об-ҳаво ҳолатини белгилаб берувчи 15 та синоптик жараёнлар бор. Aна шу синоптик жараёнларни Марказий Осиё ҳудудига кириб келиши, тартиби, қанча муддат давом этиши ва қандай об-ҳавони ўзи билан олиб келиши мумкинлиги ҳақида белгиланган қонуниятлар бор. Иқлим ўзгариши ҳозирги айтилган синоптик жараёнларнинг турларини бузиб юбормоқда ва шу ҳисобдан бизда об-ҳавонинг кескин ўгариши кузатилмоқда. Бирдан кун исиб кетиши ёки бирдан совиб кетиши каби ҳолатларни айтишимиз мумкин. Мана шу ҳафта охирида кутилаётган совуқ ва нам об-ҳаво массалари Волгабўйи ва Россиянинг европа ҳудудларида шаклланган ҳолда  бизга 13-14-март кунлари  келмоқда.

Р.Б: ― Ўзбекистонда Наврўз байрами арафасида қандай об-ҳаво кутиляпти?

Д.Т: ― Гидрометерология хизмати маркази томонидан об-ҳаво прогнозлари 6 кунгача бўлган муддатда расмий равишда тайёрлаб борилади. Мен айтишим мумкинки, 18 март санасига ёғингарчилик кутилмаяпти, ҳаво очиқ бўлади. 19-20 март саналарида нисбатан нам ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда. Юқорида айтганимдек март ойи бу беқарор об-ҳаво билан бошқа ойлардан кескин ажралиб туради. Об-ҳаво ҳолатинининг 3 кунлик прогнозини берган тақдиримизда ҳам учинчи кундаги об-ҳаво ўзини оқлаш эҳтимоли камайиб кетади. Об-ҳаво ҳолати ўзгариш хусусиятига эга. Биз 6 кунлик прогноз берган бўлсак бу доим ўзини оқлаб бормоқда. Узоқ муддатли прогноз таёрлаш жудаям қийин ва мураккаб жараён.

Р.Б: ― Ёз ойларида шундай ҳолатлар бўладики, уйимиздаги термометр бошқа ҳароратни, Гидрометеорология хизмати эса умуман бошқа ҳароратни айтишади. Бу эса ўз навбатида халқ орасида Гидрометеорология хизмати ходимлари ҳароратни пасайтириб айтмоқда, деган тушунчани ҳам келтириб чиқаради?

Д.Т: ― Жудаям муҳим савол бердингиз. Бу борада кўп мурожаатлар қабул қилганмиз. Масалан, сиз айтяпсиз уйимиздаги термометр бошқача кўрсатади деб. Шу ўринда сизга савол, у термометр қаерда туради? У термометрни бирор жойга осиб қўясиз. Ҳаво ҳарорати аслида икки метр баландликда, махсус шкафчани ичида жойлашган нам ва қуруқ термометрлардан олинган ҳарорат бўйича берилади. Бу нарса Бутунжаҳон гидрометеорология ташкилоти томонидан белгилаб қўйилган халқаро норма асосида бажарилади. Уйингиздаги термометрга эса таъсир қилувчи омиллар кўп. Масалан, ернинг ҳарорати ёки шифтнинг тагига қўйилган бўлса, унинг ҳарорати таъсири.

Р.Б: ― Ижтимоий тармоқларда кузатдикки, ўтган йили кучли шамол ҳаттоки уйларнинг томини ҳам учириб кетди. Гидрометеорология хизмати ходимлари мана шу ҳолатни олдиндан қайд этганмиди?

Д.Т: ― Биласизми, Ўзгидромет хизмати ходимлари томонидан кузатишлар олиб бориладиган махсус метеорологик станцияларимиз, кузатиш пунктларимиз бор. Бу табиат ҳодисаси шунақанги жараёнки, бир жойда кузатилса, бирида кузатилмайди. Сиз айтиб ўтган ҳолат “локальный” шамол деб аталади. Яъни кичик бир ҳудудда иссиқ ва совуқ ҳаво массалари бир бирини сиқиб қўйиши оқибатида шаклланадиган шамол оқими ҳисобланади. Бу фақатгина кичик ҳудудни қамраб олади. Aфсуски, бундай кичик ҳудудда бизнинг метеорологик станцияларимиз мавжуд эмас. Ҳудудлардаги бундай ҳолатларни аниқ прогноз қилиш учун кичик Гидрометеорологик пунктлар сони кўпайиши керак. Бизда ҳозир 320 дан ортиқ кузатиш пунктлари бўлса, айни дамда бу пунктлар сонини тасдиқланган дастур асосида кенгайтириб боряпмиз. Пунктлар сони кўпайтирилиши натижасида сиз айтиб ўтган ҳолатларда, яъни кичик ҳудудларда бўладиган кучли шамол каби ҳодисаларни олдиндан прогнозлашга имкон туғилади.

Рўзимурод Бердиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

187

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг