Марокашда зилзила оқибатларини бартараф этиш учун қанча сарфланиши айтилди
Олам
−
22 Сентябрь 2023
2958Марокаш ҳукумати мамлакатдаги вайронкор зилзила оқибатларини бартараф этиш учун 11 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлайди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Айни пайтда Марокашдаги зилзила оқибатида вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш дастури учун 120 миллиард дирҳам (тахминан 11,69 миллиард доллар) керак.
Марокаш Подшоҳи Муҳаммад VI ҳукумат ва армия расмийлари билан учрашувида маълум қилишича, режа энг кўп зарар кўрган Ал-Хауз, Чичауа, Тарудант, Марракеш, Уарзазат ва Азизлал вилоятларидаги 4,2 миллион кишига ёрдам беришни ўз ичига олади.
Шунингдек, зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш учун уй-жойлар қурилади ва инфратузилма янгиланиши мўлжалланган.
Қироллик дастур ҳукумат бюджети, халқаро ёрдам ва зилзила оқибатларини бартараф этиш учун ташкил этилган махсус фонд ҳисобидан молиялаштирилишини айтган.
Ҳозиргача жамғармага 700 млн долларга яқин хайрия пуллари келиб тушган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 сентябрга ўтар кечаси Марокашда 6,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила эпимаркази мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри бўлган Марракешдан 75 км (44 миля) узоқликда жойлашган Атлас тоғларида бўлган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марокаш Подшоҳи Муҳаммад VI га мамлакат ҳудудида юз берган табиий офат оқибатида одамлар ҳалок бўлгани юзасидан таъзия билдирган. Марокашдаги зилзила қурбонлари 2862 кишига етгани хабар берилганди.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси