Марказий Осиёда ягона бўлган ферромолибден ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Бизнес
−
27 Сентябрь 2023
6083Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида илк бор ферромолибден ишлаб чиқариш технологияси жорий этилди ва тўлиқ ишга туширилди. Бунда ферромолибден маҳсулоти ишлаб чиқаришда пайдо бўладиган молибден таркибли чиқиндиларни қайта ишлаш асосида олинмоқда.
Ферромолибден 50-70 фоиз молибденни ўз ичига олган қотишма бўлиб, зангламайдиган ва иссиққа чидамли рангли металларнинг оғир қотишмалари, махсус турдаги пўлатларни ишлаб чиқаришда ишлатилади. Қуйма темирга қўшилганда унинг мустаҳкамлигини оширади.
Ферромолибден қўшимчалари пўлатнинг хусусиятларини сезиларли даражада яхшилаб, нозик кристалли таркибнинг бир хиллиги, қизиб кетишга қаршилиги ва қаттиқлиги, шунингдек, металларнинг кислотага бардошлилигини оширади.
Дунё тажрибасида ферромолибден қум асосига ўрнатилган эритиш мосламасида, куйган молибден концентратидан молибденни металл қайтарувчи восита билан аралашмада юклаш ва эритиш орқали металлотермик усул орқали олинади. Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида эса янги технология жорий этилиб, ферромолибденни кукун ҳолатида ишлаб чиқариш орқали унинг юқори сифатли бўлишига эришилди.
Бунинг асосида ойига 2000 кг ферромолибден ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 5 минг 500 кг ҳажмда Навоий кон-металлургия комбинатига етказиб берилди. Бугунги кунда ички ва ташқи бозорлар, жумладан Япония, Корея Республикаси, Германия, Хитой, Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси бозорлари ўрганилмоқда.
Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини 2030 йилга қадар ривожлантириш дастурига мувофиқ, 2025 йилга келиб 170 млрд сўм қийматда ферромолибден маҳсулотини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
LiveБарчаси