Марказий Осиёда ким қандай ҳарбий қудратга эга?
Таҳлил
−
14 Январь 2023
30929Бугун, 14 январь Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни сифатида белгиланган. 1992 йилда айнан шу санада Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилган. “Globalfirepower” томонидан яқинда эълон қилинган рейтингда миллий армиямиз 145 та давлат ичида 1.0692 индекс билан 62-ўринда қайд этилган. Ушбу кўрсаткич Марказий Осиёдаги энг юқориси бўлиб, Ўзбекистон бир неча йиллардан бери минтақадаги “энг кучли” мақомини ҳеч кимга бермай келмоқда. Хўш, ушбу “куч” қай мезонларга кўра баҳоланади ва Марказий Осиё мамлакатлари қандай ҳарбий кучни ўзида жамлаган?
“Globalfirepower” рейтинги расмий ҳисобланмайди ва очиқ манбаалардан олинган маълумотлардан фойдаланади. Давлатларнинг ҳарбий қудратини баҳолашда 60 дан ортиқ мезонлар ишлаб чиқлиган бўлиб, улар тўлиқ ошкор этилмайди. Бироқ асосий мезонлар маълум, булар молиявий ҳолат, умумий аҳоли жумладан, ҳарбий хизматга яроқли аҳоли қатлами, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий техникалар сони, географик жойлашув, логистика, иқтисодиётнинг ривожланганлик даражаси ва табиий ресурслар. Қуйида Марказий Осиё давлатларининг айрим асосий мезонлар бўйича кўрсаткичлари ҳақида маълумот берамиз.
Ўзбекистон (62-ўрин, PwrIndx – 1, 0692)
Умумий кўриниш: Ўзбекистон Қуролли Кучлари, “Globalfirepower” маълумотларига кўра, 13 592 857 нафар ҳарбий хизматга яроқли инсон ресурсига эга. Ҳар йилги муддатли ҳарбий хизматга чақириш ёшига етувчилар сони 622 000 атрофида. Мудофаа бюджети $692 520 000 ни ташкил этади.
Ҳарбий хизматчилар сони: Умумий ҳарбий хизматчилар сони 65 000 атрофида, шундан 55 000 нафари фаол, яъни “жангга тайёр” хизматчилар, 10 000 нафари эса ҳарбийлаштирилган ходимлардан иборат. Ҳарбий ҳаво кучлари ходимлари 15 000, денгиз кучлари эса 550 нафарни ташкил этади.
Қуруқликдаги кучлар: Танклар сони 420 та, умумий ҳарбий автомобиллар сони 11 872 та, ўзиюрар артиллериялар сони 197 та, ракета артиллерияси 143 та.
Ҳаво кучлари: Жами самолётлар сони 197 та, шундан 58 таси қирувчи самолётлар, 20 таси ҳужумчи самолётлар ва 13 таси транспорт самолётлар. Жами вертолётлар сони 99 та бунда 33 тасини ҳужумчи самолётлар ташкил этади.
Қозоғистон (63 ўрин PwrIndx – 1,0873)
Умумий кўриниш: Ҳарбий хизматга яроқли аҳоли 6 634 229 нафарни ташкил этади, ҳар йилги муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар сони 271 577 нафар. Мудофаага ажратилган маблағ $2 618 000 000 ни ташкил этади.
Ҳарбий хизматчилар сони: Ҳарбий ходимларнинг умумий сони 77 000 нафар бўлиб, шундан 45000 нафари фаол ходимлар, 32 000 ҳарбийлаштирилган бўлинмалар ходимлари, 12 000 нафари ҳаво кучлари таркибидаги ходимлар ҳисобланади. Денгиз кучлари эса 3000 аскардан иборат.
Қуруқликдаги кучлар: Танклар сони 300 та, ҳарбий автомобилларнинг умумий сони 5 172 та, ўзиюрар артиллерия 246 та, ракета артиллерияси 407 тадан иборат.
Ҳаво кучлари: Жами самолётлар сони 237 тага, қирувчи самолётлар сони 81 тага, ҳужумчи самолётлар 39 тага, транспорт самолётлари 17 тага тенг. Вертолётларнинг умумий сони 75 та бўлиб, шундан 25 таси ҳужумчи вертолёт ҳисобланади.
Туркманистон (82 ўрин, PwrIndx – 1,5986)
Умумий кўриниш: Туркманистоннинг ҳарбий хизматга яроқли аҳолиси 2 203 680 нафардан кишидан иборат, йиллик муддатли ҳарбий хизмат ёшига етганлар сони 107 084 га тенг. Мудофаа тасарруф этадиган маблағ қиймати $407 070 000 ни ташкил этади.
Ҳарбий хизматчилар сони: Ҳарбий ходимларнинг умумий сони 35 000 кишидан иборат, ушбу миқдорнинг 30 000 нафари фаол аскарлар, 5000 нафари ҳарбийлаштирилган хизматчилар, 3000 нафари ҳарбий ҳаво кучлари, 2000 нафари эса денгиз кучларидир.
Қуруқликдаги кучлар: Қуролли кучлар таркибидаги танклар 680 та, ҳарбий автомобилларнинг умумий сони 8064 та, ўзиюрар артиллерия 73 дона, ракета артиллерияси 160 та.
Ҳаво кучлари: Барча турдаги самолётлар 86 тани ташкил этади. Қирувчи самолётлар 24 та, ҳужумчи самолётлар 31 та, транспорт самолётлар 5 тадан иборат. Жами вертолётлар 26 та бўлиб, бундан 10 таси ҳужум вертолётлари.
Қирғизистон (107 ўрин, PwrIndx – 2, 1703)
Умумий кўриниш: Ҳарбий хизматга яроқли аҳоли сони 3 096 593 нафардан иборат, муддатли ҳарбий хизматга чақириш ёшига етганлар ҳар йили 115 363 нафарга кўпаяди. Мудофаа бюджети $116 040 000 га тенг.
Ҳарбий хизматчилар сони: Умумий ҳарбий хизматчилар таркибини 25 000 нафар ходимлар шакллантиради. шбу хизматчиларнинг 15 000 нафари фаол, 10 000 нафари ҳарбийлашган, 500 нафари ҳаво кучлари ходимларидир.
Қуруқликдаги кучлар: Қуруқликдаги ҳарбий техникалар 215 та танк, 5 268 та барча турдаги ҳарбий автомобиллар, 64 та ўзиюрар артиллерия ва 21 та ракета артиллериясидан иборат.
Ҳаво кучлари: Туркманистоннинг ҳарбий ҳаво кучлари таркибига кирувчи самолётларнинг умумий сони 6 тани ташкил этади, бироқ айнан қандай вазифани бажарувчи самолётлар эканлиги ҳақида маълумот мавжуд эмас. Ҳаво кучларида шунингдек, 6 та вертолёт мавжуд, шундан 2 таси ҳужумчи вертолётлардир.
Тожикистон (120 ўрин, PwrIndx – 2,6403)
Умумий кўриниш: Ушбу мамлакатда ҳарбий хизматга лаёқатли аҳоли сони 3 310 323 га тенг бўлиб, ҳар йили муддатли ҳарбий хизмат ёшига етганлар сони 155 029 нафарни ташкил этади. Мудофаа бюджети $90 134 000 миқдорида.
Ҳарбий хизматчилар сони: Умумий ҳарбий хизматчилар 15 000 нафарни ташкил этади. Фаол хизматчилар 9 500 нафар, ҳарбийлаштирилган бўлинмалар хизматчилари 5 500 нафар бўлиб, ҳаво кучларида 1 200 аскар хизмат қилади.
Қуруқликдаги кучлар: Минтақадаги энг “кучсиз” дея қайд этилган Тожикистон ҳарбий кучларида 37 дона танк, 4 352 та ҳарбий автомобиллар ва 3 дона ракета артиллерияси борлиги қайд этилган.
Ҳаво кучлари: Жами самолётлар сони 25 та, шундан 1 таси транспорт самолёти эканлиги ҳақида маълумот бор. Жами вертолётлар 20 дона, жумладан 6 та ҳужумчи вертолётлар.
Жавоҳир Эргашев
LiveБарчаси