Марказий Осиёда қурғоқчилик: қирғизлар Ўзбекистонни айбламоқда. Қозоғистонда отлар ўляпти

Таҳлил

image

Маълумки, Марказий Осиё минтақасига бешта давлат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) киради. Ушбу давлатлар иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига асосланган. Шу сабабли минтақа ҳаётида сув муҳим роль ўйнайди.

Сув масаласи кўтарилганда ушбу 5 та мамлакат шартли равишда икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳга географик нуқтайи назаридан дарёнинг бошида жойлашган Қирғизистон ва Тожикистон киради. Ушбу икки давлат Амударё ва Сирдарёнинг асосий сув захираларига эгалик қилади. Иккинчи гуруҳга эса Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон киради. 

Ҳар икки гуруҳга ҳам сув керак, ҳам электр энергияси керак. Табиийки, минтақанинг сув манбалари юқорида жойлашган давлатлар ихтиёрида. Тожикистон ва Қирғизистон — минтақа сувини назорат қилувчи давлатлар энергия таъминотига бўлган эҳтиёжини қондириш учун дарё бўйларида гидроэлектр станциялар қурган. Уларнинг ишлаши учун ёзнинг айни жазирама иссиғида сув дарёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатларга берилмаслиги ва аксинча, сув омборларида сақланиши керак.

Фото: Қирғизистондаги Тўқтағул гидро электростанцияси

Қуйироқда жойлашган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалигида эса ёзга келиб сувга бўлган талаб ўткир муаммога айланади. Бу мавсум ҳам истисно бўлмаяпти. Жумладан, Туркманистон, Қозоғистон ва ҳатто, дарёнинг бошида жойлашган Қирғизистоннинг ўзида ҳам қурғоқчилик маҳаллий аҳоли ва фермер хўжаликларини қийнамоқда, чорва ва экинлар нобуд бўлмоқда.

“Хроника Туркменистана” нашрининг ёзишича, Туркманистонда қурғоқчилик ва ғайритабиий иссиқ об-ҳаво яйловларнинг қуриб қолишига ҳамда чорва моллари учун озуқанинг камайишига олиб келган.

Маълум қилинишича, мамлакатнинг Аҳал ҳамда Тошҳовуз вилоятларида чорвадорлар қўй-қўзиларни боқишга қийналмоқда. Бунга асосан, қурғоқчилик ва унинг ортидан келиб чиққан озуқа етишмаслиги сабаб бўлган. Чўпонлар кўпинча, қўй-қўзисини ўз нархидан анча арзонроққа сотишга мажбур бўлмоқда.

Сувсизлик ва қурғоқчилик билан боғлиқ муаммо минтақанинг шимолида жойлашган бошқа бир Республикаси — Қозоғистонда ҳам кузатилмоқда. “Казгидромет”нинг хабар беришича, июнь ойида мамлакатнинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Шунингдек, Ақтобе, Оқмўла, Манғистов вилоятларида ҳамда Шарқий Қозоғистонда кучли қурғоқчилик бўлиши ҳақида хабар берилган. 

Бу Қозоғистонда чилла арафасида учрайдиган ёзга хос одатий қурғоқчилик эмас. Бунгача, аниқроғи, май ойида ҳам мамлакатнинг Манғистов вилоятида сувсизлик оқибатида 1100 от ўлганди. Бундан ташқари, Интернетнинг қозоқ сегментида маҳаллий фермерлар қурғоқчилик оқибатида ўз чорваларини картон қоғозлари билан боқаётгани акс этган видеолавҳалар тарқалган.

Юқорида қайд этганимиздек, Қирғизистон сув бошида жойлашган давлат ҳисобланади. Бироқ ушбу табиий феномен бу мамлакатни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Жорий йилнинг 14 июнь куни Бишкекда маҳаллий фермерлар митингга чиққан. Бунга экин майдонларига сув етиб бормаётгани сабаб бўлган. Намойишчилар сув ресурслари тўғри тақсимланишини талаб қилган.

“Агар сув бўлмаса, биз ҳосилни йўқотамиз. Арпа, буғдой барчаси қуриб битяпти. Биз уларни экиш учун кредит олгандик. Энди нима бўлади?”, дейди митингга йиғилганлардан бири.

Фото: Сув етишмаслиги туфайли Бишкекда йиғилганлар

Маҳаллий ОАВда мамлакат экин майдонларида сув тақчилликнинг келиб чиқиши Қирғизистон томонининг қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув бераётгани билан изоҳланмоқда. Пойтахт Бишкек шаҳрига йиғилганлар ҳам айнан шундан норози. Ҳукумат сувга бўлган ички таъминотни бузган ҳолда қўшни давлатларга сув бераётгани ва бунинг ортидан маҳаллий фермерларнинг касотга учраётгани кўпчилик қирғизистонликларда савол уйғотган.

Бу саволнинг жавоби эса мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи билан боғлиқ. Қирғизистон “Электр станциялари” ОАЖнинг маълум қилишича, Қирғизистон Қозоғистон ва Ўзбекистон томонидан бериладиган 1 млрд 650 миллион кв/соат миқдоридаги электр энергияси учун 2023 йилга қадар ёз фаслида ушбу мамлакатларга мос миқдорда сув беради.

Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг кўп аҳолига (34 миллиондан ортиқ) эга давлат ҳисобланади. Кўриб турганимиздек, аллақачон, ушбу минтақада қурғоқчилик муаммоси кескинлашган. Сув етишмаслиги нафақат Ўзбекистоннинг диққати марказида турган масала, балки ушбу муаммо “булоқ бошида” бўлган Қирғизистон ва Тожикистонни ҳам қийин аҳволга солмоқда. Шундай экан, қайта тикланмас бу неъматни тўғри йўналтириш ва тақсимлаш Ўзбекистон ҳукуматининг вазифаси бўлса, ундан тўғри фойдаланиш ва исроф қилмаслик ҳар бир ўзбекистонликнинг бурчидир.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2132

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг