Марказий Осиёда “держава”лар рақобати бошланган. Ўзбекистон қандай йўл тутади?

Жамият

image

Бир-бири билан яқин алоқаларда бўлган йирик давлатларнинг Марказий Осиё минтақасида рақобати бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Йирик давлатларнинг рақобатига келсак, реалист бўлиш ва бу, аллақачон, бошланганини тан олиш керак. Бундан ташқари, ушбу рақобат ҳатто ташқи кўринишидан анча яқин, деб ҳисобланган давлатлар (тахминан Хитой ва Россия назарда тутилган – таҳр.) ўртасида ҳам бормоқда. Шунга қарамай, бу рақобат минтақада давом этмоқда. Бундай шароитда савол туғилади: биз нима қиламиз? Биринчидан, ҳозир нима қилаётган бўлсак, шуни давом эттирамиз”, дейди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ушбу рақобат янги “Совуқ уруш”нинг дастлабки белгилари пайдо бўлган шароитда кучайиб бормоқда. Бу эса минтақа учун бошланган қарама-қаршиликнинг оқибатларини янада кучайтиради, чунки дунёдаги вазият янада оғирлашади.

“[Йирик давлатлар ўртасидаги] рақобат биз учун нохуш сиёсий оқибатлар олиб келишини истамаган бўлардик. Улар (рақобатлашаётган давлатлар назарада тутилган – таҳр.) бизни бир томон туфайли бошқа томон учун номақбул бўлган позицияни танлашга мажбур қиладиган ҳолатга туширишларига йўл қўйиб бўлмайди. Бу вазифа жиддий дипломатик ёндашувни талаб қилади”, дейди у.

Шунингдек, Комилов умуман олганда Ўзбекистонда бу борада тажриба борлигини, Марказий Осиё ўзининг геостратегик жойлашуви сабаб доимо диққат марказида бўлиб келганини таъкидлаган.

“Биз можарого киришмоқчи эмасмиз. Лекин бирор бир томонни (йирик давлатлар назарда тутилган – таҳр.) танлашга тўғри келса, биз ўзимизнинг миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб қарор қабул қиламиз”, дейди Комилов. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

626

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг