Марказий Осиё етакчилари ва Озарбайжон раҳбари октябрда Авазага боради
World
−
31 July 4500 2 minutes
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик ҳудудида Марказий Осиё етакчилари ва Озарбайжон раҳбарининг маслаҳат учрашувини ўтказилади. Бу ҳақда бугун, 31 июль куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Чўлпонотада бўлиб ўтаётган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви мажлисида сўз очди.
“Ишончим комилки, давлатлараро ҳамкорликнинг янги олти томонлама механизми халқларимиз ва мамлакатларимизнинг янада яқинлашишига, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади, ортган муштарак салоҳиятдан фойдаланган ҳолда ҳамкорликка қўшимча динамика ва истиқбол бағишлайди”, дейди Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов.
У жорий йил 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик ҳудудида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Озарбайжоннинг маслаҳат учрашувини ўтказиш режалаштирилганини эслатиб ўтган.
“Мамлакатимиз ушбу муҳим воқеага тўлиқ масъулият билан ёндашмоқда, бўлажак саммит юқори мазмунда ва даражада, имкон қадар сермаҳсул ўтиши учун барча зарур ишларни амалга оширмоқда. Шу муносабат билан биз иштирокчи давлатларга 5 та асосий йўналишни ўз ичига олган кун тартиби лойиҳасини тайёрладик ва юбордик”, дейди Бердимуҳамедов.
Унинг сўзларига кўра, булар қуйидагилар:
- Тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликнинг долзарб минтақавий ҳамда халқаро масалалари бўйича фикр алмашиш;
- Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг сиёсий-дипломатик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш;
- Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, энергетика соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, барқарор транспорт-логистика коридорларини ривожлантириш;
- Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича биргаликдаги чора-тадбирлар, Орол денгизини қайта тиклаш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
- Маданий, таълимий ва илмий алоқаларни ривожлантириш, талабалар ва ёшлар алмашинувини кенгайтириш.
“Таклиф этилган мавзуларнинг барчаси мамлакатларимиз учун юқори долзарблик ва аҳамиятга эга эканидан келиб чиқамиз”, дейди Туркманистон Президенти.
У, шунингдек, Авазадаги саммитга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш кунларида бир қатор халқаро форумлар ва маданий тадбирлар бўлиб ўтишини маълум қилган.
“Ишончим комилки, илгаригидек, давлатларимиз бундай халқаро учрашувларни ташкил этиш ва ўтказишдан манфаатдор бўлади ҳамда унга масъулият билан ёндашади”, дея қўшимча қилган Бердимуҳамедов.
Чиқиши якунида у сиёсий ва конструктив ҳамкорлик кайфияти учун сиёсий етакчиларга – барча давлат раҳбарларига ўз миннатдорлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Чўлпонотада бўлиб ўтаётган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви мажлисида Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизликнинг янги таҳдидларига биргаликда қарши туриши ва минтақанинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаши зарур эканини айтган эди.