Марказий Осиё давлатларида уруш қатнашчиларига қанчадан пул берилади?
Олам
−
03 Май 2022
10214Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳукуматлари 9 май арафасида Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига бериладиган бир марталик тўловлар миқдорини эълон қилди.
Ўзбекистон
9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади.
Шунингдек, мутасаддиларга, ёлғиз яшаётган ва ўзгалар парваришига муҳтож одамлардан шахсан хабар олиб, уларга совға-саломларни етказиш, ҳар бирининг хонадонига шахсан бориб, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топшириш, 10 минг нафар фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар билан шахсан учрашиб, ҳолидан хабар олиш ва совға-саломлар етказиш топширилди.
24 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистонда 236 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади.
Қозоғистон
Бу ерда тўловлар миқдори олувчининг яшаш жойига ва унинг ҳолатига боғлиқ. Масалан, Нур-Султон ва Олма-ота шаҳарларида яшовчи Улуғ Ватан уруши фахрийлари 1 миллион тенге (2229 доллар), Ақтўбедагилари эса 2 миллион тенге (4459 доллар) олади.
9 май арафасида Қозоғистон аҳолисига ҳам бир марталик тўловлар тўланади. Масалан, Олма-отада улар 50 000 дан 100 000 тенгегача (111 дан 222 долларгача) олади.
2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистонда 387 нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчиси ва ногирони истиқомат қилади.
Қирғизистон
Бу мамлакатда байрам тўловлари миқдори 100 минг сомни (1209 доллар) ташкил қилади. Улар Улуғ Ватан уруши ногиронлари ва фахрийларига, концлагерлар, геттолар ва бошқа қамоқхоналарнинг вояга этмаган собиқ асирларига, шунингдек, Ленинград блокадасидан омон қолганларга берилади.
“Бундан ташқари, 9 майга қадар юқоридаги тоифадаги шахсларга ҳар йили 20 минг сом (242 АҚШ доллари) миқдорида қўшимча бир марталик нақд пул нафақаси ҳамда ҳисобланган миқдорнинг олти баравари миқдорида бир марталик нақд пул нафақаси тўланади”, дейилади Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабарида. Битта ҳисобланган кўрсаткич 100 сўмга (1,2 доллар) тенг.
2022 йил 1 февраль ҳолатига кўра, Қирғизистонда Улуғ Ватан уруши қатнашчиларининг умумий сони 107 нафарни ташкил қилади.
Туркманистон
Туркманистондан ҳозирча хабар йўқ. Ўтган йили уруш қатнашчилари, шунингдек, урушда ҳалок бўлган аскарларнинг беваларига 200 манат (давлат курси бўйича 57,1 доллар ёки амалдаги “қора бозор” курси бўйича тахминан 5 доллар) миқдорида мукофот берилиши ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилиши ҳақида маълумотлар эълон қилинган эди.
Бундан ташқари, Россиядаги 20 320 нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчисига Ғалаба кунида 10 000 рублдан (138 доллар) пул берилади. Баъзи ҳудудларда қўшимча нафақа берилади. Мисол учун, Москва ва Москва вилоятида фахрийларнинг ҳар бири 25 минг рубль миқдорида мукофотланади. Ватан меҳнаткашлари, уруш қатнашчиларининг бевалари, собиқ концлагер асирлари, “Қамалдаги Ленинград аҳолиси”, “Қамалдаги Севастопол аҳолиси” мукофотлари билан тақдирланган шахсларнинг ҳар бири 15 минг рублдан олади. 1931 йил 31 декабргача туғилганлар ҳар бирига 10 минг рублдан тўланади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 9 май Хотира ва қадрлаш куни, қолганларида Ғалаба куни сифатида нишонланади.
LiveБарчаси