Марказий Осиё 3 йилда сув танқислигининг сурункали босқичига ўтади – олим

Бу қизиқ

image

Турли баҳоларга кўра, 2028 йилга бориб, Марказий Осиё сув танқислигининг сурункали босқичига ўтади. Бу ҳақда Россия Фанлар Академиясининг ИМЭМО Марказий Осиё сектори мудири Станислав Притчин 18 февраль куни онлайн форматда бўлиб ўтган “Иқлим ўзгаришлари ва Марказий Осиёда сув ресурсларидан фойдаланиш муаммолари” мавзусидаги давра суҳбатида сўз очди.

Унинг айтишича, бу кун тартибидаги энг долзарб ва оғир мавзулардан бири ҳисобланади.

“Соҳадаги вазият жиддий таназзулга юз тутган. Бунга бир қатор муаммолар сабаб бўлмоқда. Биринчи навбатда – иқлим ўзгаришлари. Глобал исиш Марказий Осиёда чучук ичимлик суви манбаларининг асосий қисми бўлган музликлар захирасига таъсир қилади. Музликларнинг камайиши узоқ муддатда дарёларнинг сув оқимига ҳам таъсир қилади”, деди Станислав Притчин.

Унинг таъкидлашича, вазиятга аҳоли сонининг ўсиши ҳам таъсир кўрсатмоқда. Минтақа жадал ривожланмоқда, демографик ҳолат ўзгарувчан. Ўзбекистон етакчи ўринда турибди: 1991 йилда аҳолиси 22 миллион бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу рақам 37,5 миллионга етди.

“Умуман олганда, Марказий Осиё аҳолиси 80 миллионга яқинлашмоқда. Фақат ичимлик суви истеъмолининг ўзи ҳам қисқариб бораётган сув ресурсларига қўшимча босим яратмоқда. Бундан ташқари, инфратузилма ҳам эскирган”, дея қўшимча қилди Станислав Притчин.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, суғориш учун мўлжалланган сувнинг 50 фоизигача бўлган қисми далаларга етиб боргунча йўқолиб кетади, чунки сув ресурслари самарали ишлатилмайди.

Бундан ташқари, минтақавий бошқарув тизимининг самарасизлиги ҳам муаммолардан бири.

“Сув ресурсларини бошқариш бўйича кенг ваколатли халқаро институт мавжуд эмас. Албатта, давлатлар ўртасида икки ва уч томонлама музокаралар олиб борилмоқда, бироқ умуман олганда, сув масалаларини ҳал қилиш тизими мураккаблигича қолмоқда. Сув тақсимотидан ташқари умумий стратегияни ишлаб чиқадиган институтлар йўқ. Бироқ баъзи ҳаракатлар кузатилмоқда – масалан, “Қамбар ота” бўйича уч давлат биргаликда лойиҳани амалга оширишга келишиб олди. Бу ижобий қадам, аммо етарли эмас”, дея таъкидлади Станислав Притчин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бишкекдаги III Халқ Қурултойида сўзлаган нутқи чоғида аҳолини сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга чақириб, Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшни давлатлар учун ёрдам эканини айтган эди. Шунингдек, Садир Жапаров дунёда экологик вазиятнинг ёмонлашуви туфайли сув танқислиги йил сайин ортиб бораётганини эслаган.


Мақола муаллифи

Теглар

сув Марказий Осиё сув танқислиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг