Марказий Осиё ҳар дақиқада 9 кв метрга чўлланяпти – Абдуҳакимов

Жамият

image

Марказий Осиё давлатларида ҳар дақиқада тўққиз квадрат метр ер чўлланиб боряпти. Бу ҳақда бугун, 22 ноябрь куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида журналистлар билан мулоқот чоғида маълум қилинди.

“1868 йилда Тошкент обсерваторияси ташкил этилиб, ўшандан бери гидрометеорологик тадқиқотлар ва кузатувлар ўтказилмоқда. 170 йил давомида мана 1917 йилдан кейин энг қурғоқчил йил мана бу йилга тўғри келяпти. Бу дегани, бизда ҳозир табиий омилимиз жуда ҳам кучайиб кетди”, дейди қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов. 

Унинг айтишича, иқлим ўзгариши оқибатида чўлланиш жуда ҳам кескинлашиб кетяпти. Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ҳудудларида 30 фоиздан 40 фоизгача музликлар камайиб кетган. Сув камайгани чўлланиш жараёнини келтиряпти. 

“Марказий Осиё давлатларида ҳар дақиқада тўққиз квадрат метр чўлланиб боряпти. Яъни мана ҳозир сизлар билан 10 минутдан бери гаплашиб турибмиз, 90 квадрат метр Марказий Осиёда чўлланиб бўлди ёки деградацияга учради.

Биз иқлим ўзгариши бўлаётганлигини одамларга тушунтириб беришимиз керак. Бу ҳақиқат. Ким нима дейишидан қатъи назар, ким қанақа гапиришидан қатъи назар, ҳозир биз Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда энг катта муаммоларимиздан шу атмосфера муаммолари. Лекин асосий бизнинг катта муаммомиз бу чўлланиш”, деди Абдуҳакимов.

Гидрометеорология хизмати Илмий-тадқиқот институти директори Дониёр Турғуновнинг маълум қилишича, Марказий Осиё Ер шарида 70-80 фоизлик чанг ҳосил бўладиган ҳудудда жойлашган.

“Африканинг шимолидан Хитойнинг Манчжуриясигача чанг белбоғи жойлашган. Ўзбекистон ҳудудининг ўзи ҳам 80-85 фоиз чўл ва ярим чўл зоналаридан ташкил топган. Бу олдинлари ҳам бўлмаганми, деган савол бор. Олдин ҳам бу жараёнлар бўлган. Лекин ҳозир антропоген омиллар билан табиий омилларнинг кучайиб кетишининг асосий сабаби – бу йилги қурғоқчилик келганлиги”, дейди у.

Қайд этилишича, ноябрь ойида Ўзбекистонда ёмғир ёғмайди, декабргача ёмғир кутилмаяпти. Бу атмосфера табиий ювилишини тўхтатган. Шунинг ҳисобига ҳам бошқа техноген омиллар таъсиридаги атмосфера жараёнлари, табиий ювилиш бўлмаганлиги учун, катта миқдордаги турбулентликни сақлаб турибди. 

“Бизнинг минтақамиз кескин континентал иқлимда жойлашган: ҳаво бирдан совийди ва исийди. Шунинг ҳисобига бояги инверсия жараёнлари, яъни ҳавонинг вертикал ҳаракати масаласи бўлади. Ҳавонинг вертикал ҳаракати, инверсия жараёни ҳисобига турбулентликлар сақланиб қолмоқда ва уни олиб чиқиб кетишга қодир бўлган шамол тезлиги йўқ. Шунинг ҳисобига ҳам бизда ҳозир шундай ҳодиса кузатилмоқда. Бу умумий қилиб айтганда, антропоген омилларни янада кучайтириб юборган табиий омиллар ҳисобланади”, дейди Турғунов. 

Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, минтақага келаётган зарарли моддаларнинг 36 фоиз миқдорини табиий чанг ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Азиз Абдуҳакимов Марказий Осиё Экология

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг